Фарғона водийсида янги балиқ тури кашф қилинди
Ўзбекистон сув ҳавзаларидан охирги марта ўтган асрнинг 50 йилларида янги балиқ тури топилганди
Хитойда илмий тадқиқотлар олиб бораётган ўзбекистонлик биолог тадқиқотчи Бахтиёр Шералиев Фарғона водийси сув ҳавзаларида тарқалган аввал фанга маълум бўлмаган янги балиқ турини кашф қилишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда олимнинг ўзи «Bugun.uz»га маълум қилди.

Янги балиқ тури карпсимонлар туркуми ялангбалиқлар оиласига мансуб бўлиб, унга Фарғона ялангбалиғи (Triplophysa ferganaensis) деб ном берилган. Янги балиқ тури баланд тоғ дарёларида яшашга мослашган бўлиб, Фарғона водийси эндемик тури (фақатгина маълум ҳудудда учрайдиган биологик тур) ҳисобланади.
Умуртқали ҳайвонлар орасида янги турларнинг топилиши ниҳоятда катта кашфиёт ҳисобланади. Ушбу кашфиёт Ўзбекистон ҳудудида сўнгги салкам 70 йилда кашф қилинган янги балиқ тури ҳисобланади. Ўзбекистон сув ҳавзаларидан охирги марта ўтган асрнинг 50 йилларида янги балиқ тури топилган эди. Ҳозирда мамлакатдаги сув ҳавзаларида 70 тур атрофидаги балиқлар учраши қайд қилинган.
Маълумот учун, олимнинг ушбу изланиши «Journal of Fish Biology»да эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат экология қўмитаси Навоий вилояти Тўдакўл соҳилидан йирик мавжудот топилгани айтилган хабар юзасидан изоҳ берган эди. Шунингдек, Наманганда иссиқхона учун қурилаётган ердан номаълум мавжудотнинг скелети топилгани ҳақида хабар берилган эди.