Фарғонада ЙПХ инспектори ўрнатган йўл белгисини олиб ташлаган эркакка суд ҳукми ўқилди
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида йўл-патруль инспектори ўрнатган йўл белгисини олиб ташлаган эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат Муқимий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган Марғилон йўли кўчасида содир бўлган. Инспектор мультирадар билан хизматни бошлашдан аввал йўлнинг ушбу ҳудуди радар назоратида эканини билдирувчи 5.43 йўл белгисини ўрнатган. Бироқ Х.Ш. исмли ҳайдовчи томонидан ушбу белги ўзбошимчалик билан олиб ташланган ва ҳайдовчи инспектор олдига бориб, унинг хизматига халал берган. Бундан ташқари, у яқин атрофдаги бошқа фуқаролар ва ходим ўртасида ўзаро низо келтириб чиқарган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (Майда безорилик), 194 (Атроф табиий муҳитнинг ифлосланганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан яшириш ёки бузиб кўрсатиш) ва 195-моддалари (Атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик)да назарда тутилган ҳуқубузарликлар содир этгани учун 3 нафар фуқарога 7 сутка ва яна 3 нафар фуқарога эса 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Самарқандда ЙПХ ходимлари хизмат машинасида фуқарони уриб олиб кетгани айтилган видеога изоҳ берилган эди.