Франция президенти ва Путин Украинадаги вазиятни муҳокама қилди
Франция президенти Эммануэль Макрон ва Россия президенти Владимир Путин 26 апрель, душанба куни телефон орқали суҳбатда Украинани, хусусан, Донбассдаги эскалацияни муҳокама қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Келтирилишича, Путин алоқа линиясидаги вазиятни атайлаб кескинлаштирадиган «Киевнинг провокацион ҳаракатларига» эътибор қаратган. Украинанинг жануби-шарқида кескинлик кучайганидан хавотир билдирган.
«Киев ҳукумати томонидан илгари эришилган келишувларни қатъий бажариш зарурлиги, авваламбор, Донецк ва Луганск Халқ Республикаси билан тўғридан-тўғри мулоқотни ўрнатиш ва Донбасснинг махсус мақомини қонуний рўйхатдан ўтказиш тўғрисида таъкидланган. Президентлар ‘Нормандия формати’ доирасида икки мамлакат ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш ниятларини билдирган», дейилган хабарда.
Франция раҳбари, ўз навбатида, яқинда Парижда Украина президенти Зеленский билан бўлиб ўтган суҳбати ҳақида гапирган. Томонлар Украинадан ташқари Чехия ва Россия ўртасидаги мунозарани ҳам муҳокама қилган. Макрон ва Путин Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазиятни ва коронавирусга қарши курашиш мавзусида фикр алмашган.
Маълумот ўрнида, эскалация — қуролли тўқнашув, низо ва зиддиятларнинг босқичма-босқич ошиши ва кенгайишини англатади.
Аввалроқ Путин захирадаги аскарларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш тўғрисида фармонни имзолагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Путин Украина президентининг учрашиш таклифига жавоб қайтаргани маълум қилинган.