Навоийда «Matiz» уриб юборган маст пиёда шифохонада вафот этди — видео
Навоий вилояти Кармана туманида «Matiz» уриб юборган 58 ёшли маст пиёда шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа тун пайти туман ҳудудидан ўтган М-37 Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлида содир этилган. Олиб борилган суриштирувларга кўра, автоҳалокатга пиёданинг «Matiz» йўлидан тўсатдан чиқиб қолиши сабаб бўлган. Қайд этилишича, воқеа юз берган жойдан 50–100 метр узоқликда пиёдалар ўтиш йўлаги ҳамда ушбу қисмда тунги ёритиш чироқлари, йўл чизиқлари мавжуд бўлган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида фуқаро олган жараҳотлари туфайли касалхонага олиб кетилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Аввалроқ Фарғонада «Matiz» уриб юборган велосипед ҳайдовчиси шифохонада вафот этгани ва Навоийда юк машинаси 46 ёшли маст пиёдани босиб кетгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Фарғонада «Nexia-2» уриб юборган пиёда воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум қилинган.