Нукусда 21 ёшли қиз нима сабабдан ўзини каналга ташлагани маълум бўлди
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 26 апрель куни 21 ёшли қиз ўзини каналга ташлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Хабарга кўра, 26 апрель куни соат 08:30 атрофида Нукус шаҳар Жийдели байсин МФЙда яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро Н.Д. ўз жонига қасд қилиш мақсадида Нукус шаҳридаги Дўстлик каналига ўзини ташлаган. Шу жойда хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходими қизни қутқариб қолган.
Маълум қилинишича, Н.Д.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда у ўз уйида ва соғлиғи бўйича ҳеч қандай шикояти йўқ. Ўз жонига қасд қилиш сабаблари ўрганилиб чиқилганда қиз ҳеч қандай тазйиқ остида бўлмаганини, оиласида ҳам ҳеч қандай жанжал йўқлигини ва ўзининг таниш ўртоғи билан гап тортишиб қолганини айтиб ўтган. У Нукус шаҳрида оиласи билан биргаликда яшайди. 2017 йилда Н.Д. Нукус шаҳар ИИБ томонидан профилактик ҳисобга олинган.
Аввалроқ Наманганда аёл 4 ёшли фарзанди билан бирга ўзини дарёга ташлагани хабар қилинганди. Шунингдек, Навоийда 20 ёшли қиз кўприкдан ўзини дарёга ташлаб, жонига қасд қилгани маълум қилинган.