Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Саудия Арабистонига ташриф буюради
Ўзбекистон ҳукумати яқин вақт ичида Саудия Арабистонига ташриф буюради. Бу ҳақда Инсвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 26 апрель куни бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳишам бин Мишал ал-Сувайлимни қабул қилди. Музокаралар чоғида Ўзбекистон — Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорликнинг кун тартиби, илгари эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамда келгуси юқори даражадаги икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг январь ойида инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ бошчилигидаги Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар аҳамиятини қайд этган элчи Саудия Арабистони томонининг уларни амалга оширишга содиқлигини таъкидлади.

Учрашувда икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, жумладан, яқин вақт ичида Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифини ташкил этиш, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини, шунингдек, Ўзбекистон — Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши ва Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича икки мамлакат ўртасидаги ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишларини ўтказиш ҳақида фикр алмашилди.
Таъкидланишича, учрашув якунида икки томонлама келишувлар, қўшма лойиҳа ва ташаббусларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш мақсадида мунтазам мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дин ишлари бўйича қўмита Ҳаж сафарига рухсат берилгани ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ берган эди.