Ўзбекистонда чақирилган ҳар бир тез ёрдамга дори-дармон учун қанча маблағ ажратилиши очиқланди
Ўзбекистонда чақирилган ҳар бир тез ёрдамда дори-дармон учун 6500 сўмдан ажратилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, сўнгги тўрт йилда тез тиббий ёрдам тизимида битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 10 баробардан зиёдга оширилган. Ушбу маблағ 2021 йилнинг биринчи чорагига келиб, тез тиббий ёрдам тизимида битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ ўртача 6500 сўмни ташкил қилган. Қайд этилишича, бу кўрсаткич 2016 йилда 500 сўм этиб белгиланган.
Шунингдек, мамлакатда 2016 йилда 800 та тез ёрдам шохобчалари мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб, уларнинг сони 1666 тага етган. Бундан ташқари, 2021 йил биринчи чорагида тез ёрдам бригадалари сони 2685 та кўрсаткичга эга бўлган. Келтирилишича, бу рақам 2016 йилда 1648 тани ташкил қилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматида янги тизим йўлга қўйилиши ва ҳудудларда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиши хабар қилинган эди.