Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар фойдаланишга берилганидан сўнг 2 йил қурувчи ташкилот бошқарувида бўлади
Ўзбекистонда янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга берилганидан сўнг икки йил қурувчи ташкилот бошқарувида бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид танишган тақдимотида айтиб ўтилди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Кўп квартирали турар жой фондини таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш, уни 35 фоиз республика бюджети, 35 фоиз маҳаллий бюджет ва қолган 30 фоизини мулкдорлар тўловидан жамғариладиган маблағлар ҳисобидан шакллантириш режалаштирилган.
Шунингдек, ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бошқарув ташкилотлари ва ширкатларнинг электрон реестрини юритиш, ҳар бир кўп қаватли уйга алоҳида шахсий ҳисобрақам очиш, уйнинг хизмат кўрсатиш ҳудудини аниқ белгилаш, мулкдорларга ҳисобот бериш тартибини такомиллаштириш, ҳисоб-китобларга биллинг тизимини жорий қилиш мўлжалланган.

Хусусан, янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганидан кейин икки йил мобайнида қурувчи ташкилот бошқарувида бўлишини белгилаш, турар жойларни сақлаш ва ундан техник фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳам талаб этилмоқда. Бошқарув компаниялари ва ширкатлар ходимларини ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳам назарда тутилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида кўп қаватли уй-жойлар қуриш қайси маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши очиқланганди.
