Ўзбекистонда корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш тартиби белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида хабар берилди.

Низомга мувофиқ, корпоратив бошқарувчи малака аттестати Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби (Олий мактаб) томонидан корпоратив бошқарув соҳасида малака мавжудлигини тасдиқлаш учун берилади.
Қайд этилишича, малака аттестатини олишга қисқа муддатли (бир ҳафтадан кам бўлмаган), шу жумладан, онлайн, махсус ўқув курсини тугатиб, курс якуни бўйича синовдан муваффақиятли ўтган тингловчилар ҳамда Олий мактабнинг «Бизнесни бошқариш» магистратура мутахассислиги бўйича корпоратив бошқарув фанини 86 балл ва ундан юқори даражаларда ўзлаштирган тингловчилари талабгор бўла олади.
Махсус ўқув дастури доимий равишда такомиллаштирилиб борилади ва якуний дастур курслар бошланишидан олдин Олий мактаб Илмий кенгаши томонидан тасдиқланади. Махсус ўқув дастури давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига кузатув кенгашлари ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишни, корпоратив бошқарувнинг халқаро тамойилларини назарда тутувчи корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишни қамраб олади. Корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш махсус дастур асосида ташкил этиладиган суҳбат натижалари бўйича амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда давлат бошқаруви органларида монополияга қарши курашиш тизими жорий этилиши ҳақида хабар берилган.