Ўзбекистоннинг 3 шаҳридан Қоҳирага авиақатновлар йўлга қўйилиши кутилмоқда
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Мисрнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фахми хоним ўртасида 26 апрель, душанба куни учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашув давомида икки мамлакат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилган. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан Шарм-ал-Шайхга қатновларни мунтазам равишда йўлга қўйиш, Мисрнинг тайинланган авиакомпанияси «Air Cairo» томонидан Тошкент–Қоҳира ва Тошкент–Хургада йўналишида рейслар сонини кўпайтириш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Фарғонадан Қоҳирага авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Қайд этилишича, Миср томони икки мамлакат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Тошкент–Хургада ўртасида қатновларнинг йўлга қўйилганини алоҳида қайд этиб ўтган. Учрашув якунида эса томонлар яқин вақт ичида Ўзбекистон ва Миср авиация маъмуриятлари ҳамда авиакомпаниялари иштирокида мавжуд масалаларни чуқур ўрганиш ҳамда уларнинг ечими юзасидан учрашув ўтказишга келишиб олинган.
Аввалроқ Россиянинг икки шаҳридан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри парвоз амалга оширилиши ва «Turkish Airlines» Истанбулдан Урганч ва Фарғонага мунтазам авиақатновларни йўлга қўйииши ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, «Uzbekistan Airways» 9 та хорижий шаҳар билан авиақатновларни тўхтатиши маълум қилинган.