Қашқадарёда бир гуруҳ аёллар машиналар йўлини тўсиб қўйди
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 23 апрель куни аёллар юк машинаси уриб юборган 1-синф ўқувчиси вафот этгани сабаб машина йўлини тўсиб қўйди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.

Хабарга кўра, Чироқчи тумани Қумдарё МФЙ Оқтўнли қишлоғида яшовчи бир гуруҳ аёллар фарзандлари қўшни қишлоқдаги мактабга қатнаб ўқиш учун қийналаётгани, уларини Хўжаобод қишлоғидаги мактабга бориши учун Қарши–Самарқанд автомобиль йўлидан кесиб ўтишлари хавфли экани сабаб Хўжаобод МФЙ Хўжаобод қишлоғидан ўтувчи Қарши–Самарқанд йўлини тўсиб, автомашиналар ҳаракатига тўсқинлик қилган. Оқибатда А-378 автомобиль йўлида қисқа муддатга машиналарнинг ҳаракатланиши тўхтаган.
Таъкидланишича, бунга 2021 йил 21 апрель куни «Isuzu» юк машинаси А-378 Самарқанд—Ғузор йўлидан Самарқанд вилояти томонга ҳаракатланиб келиб, йўлнинг ўнг томонидан чап томонига пиёдалар йўлакчасидан кесиб ўтаётган вояга етмаган Чироқчи тумани Хўжаобод МФЙда яшовчи 140-мактабнинг 1-синф ўқувчиси Д.Э.ни уриб юборгани, оқибатда Д.Э. оғир тан жароҳати олиб, туман шифохонасида вафот этгани сабаб бўлган. Фуқаролар қишлоқ ҳудудида мактаб қуриб беришни сўраган.
Йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Чироқчи туман Ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Чироқчи тумани Дарча қишлоғида яшовчи юк машинаси ҳайдовчиси Б.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳолат бўйича туман мутасадди раҳбарлари томонидан Қумдарё МФЙ ҳудудида қурилаётган мактабнинг қурилишини тезлаштириш ва жорий йилнинг 1 сентябрь кунигача янги мактаб қуриб топшириш режалаштирилган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан Чироқчи тумани ҳокимлиги томонидан берилган изохда туман мутасадди раҳбарлари маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашгани, Қумдарё маҳалласи ҳудудида қурилаётган мактабнинг қурилиш ишлари тез орада тугалланиб, янги ўқув йилини мактаб ўқувчилари янги мактабда бошлашини тушунтиргани, лекин айрим фуқаролар мутасаддиларнинг сўзларига эътибор қилмай ўз билганича иш тутгани айтилган.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда боғча тарбиячилари раҳбари ишга қайта тиклангани учун норозилик намойиши уюштиргани, шунингдек, Ўзбекистонда ЛГБТнинг қонуний бўлишига қарши фаоллар норозилик билдиргани юзасидан изоҳ берилгани хабар қилинган.