Қорақалпоғистонда ноёб ўсимлик хитойликлар томонидан ноқонуний терилаётгани юзасидан қўшимча маълумот берилди
Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида ноёб ўсимлик хитойликлар томонидан ноқонуний терилаётгани бўйича ўрганиш ишлари бошлангани хабар қилинганди. Экология қўмитаси ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари якунланганини маълум қилди.

Хабарга кўра, 26 апрель куни ушбу ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Экология назорат қилиш инспекцияси томонидан Тўрткўл туманида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар натижасида, Тўрткўл туман Анҳорли МФЙдаги Боғёп канали ишчиси, Хитой фуқароси Жаннинг канални қазиш ишларини олиб бориши давомида канал бўйидан тахминан 1-2 килограмм цистанхе ўсимлигини топиб олиб, қуритиб қўйгани маълум бўлди.
Қайд этилишича, суриштирув натижасида цистанхе ўсимлиги илдизларини чойга, овқатга солиш мақсадида олгани аниқланади. Хитойлик фуқарога «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун талаблари тушунтирилди ва бу ҳолат қайта такрорланмаслиги учун Жаннингдан тушунтириш хати олинди ҳамда ёзма огоҳлантириш берилди.
Аввалроқ Самарқандда ўсимликларни ҳимояловчи воситалар ишлаб чиқарадиган қўшма корхона ишга тушиши хабар қилинганди.