Сирдарёда «Damas» ҳайдовчисининг ЙПХ ходимига ишдан олиш билан таҳдид қилгани бўйича маълумот берилди — видео
Сирдарё вилояти Оқолтин туманида 2020 йил 17 сентябрь куни ЙПХ ходимига ишдан олиш билан таҳдид қилган «Damas» ҳайдовчиси иши бўйича маълумот берилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ижтимоий тармоқларда «Ишдан қуритвораман… формангни еч, едираман» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқалган. Таъкидланишича, воқеа Оқолтин туманида 2020 йил 17 сентябрь куни содир бўлган. Туман ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси ходимлари А.М. ва А.М. туман ҳудудидан ўтувчи 4Р-35 автомобиль йўлининг 95-километрида «Damas» автомобилини тўхтатган. Ҳайдовчи ишорага бўйсунмасдан, ҳаракатда давом этган. Ходимлар ҳайдовчини «Nexia-2» русумли автомобилда кузатиб борган.
Таъкидланишича, ҳайдовчидан меъёрий ҳужжатлар сўралганда ўзаро тортишув юзага келган. Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) тартибида баённома тузилиб, кодекснинг 291-моддаси (Анспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари) тартибида автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган.
Тўпланган ҳужжатлар 2020 йил 22 сентябрь куни Гулистон шаҳар маъмурий суди томонидан ўрганилиб, ҳайдовчи А.Т.га нисбатан БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима жазоси белгиланган.
Аввалроқ Ангренда ЙПХ ходими шахсий автомобилида «Damas»ни қувиб юргани ҳақидаги хабарга изоҳ берилгани, шунингдек, Тошкентда фуқаро билан кўпол муомалада бўлган ЙПХ ходими акс этган видеога изоҳ берилгани маълум қилинган.