«Tesla» компанияси даромади 3 ой давомида рекорд даражага кўтарилди
Илон Маскнинг «Tesla» компанияси даромади 3 ой давомида транспорт воситалари таъминотидаги узилишларга қарамай, электромобилларга бўлган талабнинг ошиши сабабли рекорд даражага кўтарилди. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» хабар берди.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг биринчи чорагида компания даромади 10,39 миллиард долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 74 фоизга кўплиги, ўшанда компания даромади 5,99 миллиард долларга етгани таъкидланган.
Компаниянинг 2020 йилги соф даромади 16 миллион долларни, 2021 йилда эса 438 миллион долларни ташкил этган.
Шунингдек, «Tesla» уч ой ичида 184 мингга яқин «Model 3» ва «Model Y» электромобилларни етказиб берган. Бу даврда «Model S» ва «Model X» русумли қиммат электромобиллар ишлаб чиқарилмаган.
Аввалроқ «Tesla» дунёдаги энг катта қувватлагич станцияларини қуриши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Tesla» акциялари кескин кўтарилгани маълум қилинган.