Тошкентга кетаётган поездда кекса аёл вафот этгани юзасидан маълумот берилди
Сурхондарёдан Тошкентда кетаётган поездда кекса аёл тиббий билимга эга бирор шахс йўқлиги сабаб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Транспорт вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот берди.

Хабарга кўра, 25 апрель куни 681-сонли Сариосиё—Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи йўловчи поездининг 17-вагони 30-ўриндиғига Сариосиё бекатидан 1961 йилда туғилган йўловчи Б.Г. қизи ва ўғлининг ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрига йўлга чиққан. Йўловчи Б.Г. вагонга чиқаётган вақтида аҳволи оғир эканини инобатга олиб вагон кузатувчилари Салимов Козим, Илҳомов Қодирлар томонидан йўловчига амалий ёрдам берилган ва ҳар бир темир йўл бекатида тиббиёт ходимлари вагонга чақиртирилган.
Йўл сафари давомида Б.Г.нинг аҳволи кескин равишда оғирлашиб, Денов, Қумқўрғон, Бойсун, Дарбанд вокзалларидан тиббиёт ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Қумқўрғон тиббиёт пункти навбатчи фельдшери Менгноров Абдувоҳид кеч соат 18:20 ларда Б.Г.га биринчи тез тиббий ёрдам қўрсатаётган вақтида беморнинг қизи онасининг жигар серрози касаллиги билан оғриганини айтган.
Қайд этилишича, буни у ўз тушунтириш хатида ҳам баён қилган. Дарбанд вокзали ҳамшираси Наргиза Нормаматова Термиз—Тошкент йўловчи поездининг 17-вагонида бемор аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида беморнинг фарзандларига беморни йўловчи поездидан тушириб олиб қолишни айтган. Лекин беморнинг ўғли поезддан тушиб қолишга рози бўлмаган. Беморнинг ўғли буни ўз тушунтириш хатида ҳам баён қилган. Темир йўл бекатларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан мазкур поезд Оқработ темир йўл бекатига яқинлашаётганида тоби қочган бемор йўловчи вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Афросиёб» поездида йўловчи 9 минг доллардан зиёд пулини унутиб қолдиргани ҳақида хабар берилган.