Жиззахда кредит маблағларини талон-торож қилган банк ходимлари ушланди
Жиззах вилояти Дўстлик туманида кредит маблағларини талон-торож қилган банк ходимлари ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Микрокредитбанк» Дўстлик мини банки собиқ мудири Ш.Б., собиқ ходими Д.Қ. ва бошқалар мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, 2019–2020 йилларда 7 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз уларнинг номидан имтиёзли шартларда 156 миллион сўм кредитни расмийлаштирган. Ушбу маблағлар ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижонда кредит маблағларини талон-торож қилган банк ходимлари қўлга олингани хабар қилинганди. Шунингдек, Фарғонада банк ходимлари шериклари билан 583 млн сўмлик кредитни талон-торож қилгани маълум қилинган.