Антимонополия қўмитаси Тошкент метрополитенидаги ҳолатларни назоратга олди
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аганетлиги Тошкент метрополитенида юзага келган муаммоларни назоратга олди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, сўнгги кунларда Тошкент метрополитени билан боғлиқ камчиликлар ҳақида хабарлар кенг тарқалмоқда. Жумладан, 18 март куни «Олмазор» (Чилонзор йўли) ва «Бекат-1» (Сергели йўли) орасидаги туннелда икки поезд тўқнашуви, 9 апрель куни поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракатлангани акс этган видеолар тарқалган. Шунингдек, 28 апрель куни ҳам туннелда тўхтаб қолган поезд видеоси тарқалиб, унда йўловчилар рельслар орқали ҳаракатланиб, бекатга етиб олгани акс этган.
«Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида йўловчи ташишнинг асослари белгилаб қўйилган, жумладан:
- шаҳар йўловчилар транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этиш;
- йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш;
- йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини, транспорт воситалари ҳаракатининг хавфсизлигини, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари бажарилишини таъминлаш.
Аниқланишича, воқеалар метрополитенни ўз мажбуриятларини бажармаётганидан далолат бермоқда. Ушбу ҳолатларни ва ҳар бир йўловчи истеъмолчи эканини ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари Ўзбекистон «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун билан ҳимояланишини эслатган ҳолда қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги юқорида келтирилган муаммоларни ўз назоратига олиб, метрополитен хизматлари юзасидан ўрганиш ишларини бошлаганини маълум қилган.
Аввалроқ Тошкент метрополитенида поезд тўхтаб қолиб, йўловчилар рельс бўйлаб юриб кетгани, шунингдек, 9 апрель куни метрополитеннинг Чилонзор йўналишидаги «Пушкин» ва «Буюк ипак йўли» бекатлари оралиғида метро вагони эшигини ёпмай ҳаракатлангани хабар қилинган.