Эксперт минбари. Эркак хиёнати нега кечирилади? Ўзбекларда оиладан ташқари муносабат ҳақида
Гап оила-никоҳ муносабатлари ҳақида борар экан, шубҳасиз, жиддий муҳокама қилинадиган масалалар қаторида оила-никоҳ муносабатларининг бузилиши, эр-хотиннинг ажрашиш муаммоси туради. Ажрашиш муаммоси ҳозирги замон инсоният жамиятининг энг муҳим ижтимоий муаммоларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун чет элларда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ажрашиш муаммосини ўрганишга кенг илмий жамоатчилик эътибори қаратилиб келинмоқда.
Ўзбекистонда ажрашишга жиддий муаммо сифатида қаралиб, уларнинг сонини камайтириш, оилаларни сақлаб қолишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилади. Аммо бу чораларда кўпинча илмий ёндашув етмайди: кўп ҳолларда ажрашишга чуқур психологик ва ижтимоий омиллар сабаб бўлади. Айрим давлат амалдорлари ва жамоат фаоллари эса бу ҳолатга эътибор қаратмай, юзаки сабабларга қарши юзаки чоралар билан курашади. Бу, табиийки, ўз натижасини бермайди.
Шу боис ажрашиш муаммосини ўрганишга кенг илмий жамоатчиликни жалб этиш ҳамда уларнинг тадқиқотларидан ижтимоий сиёсатда фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.
«Эксперт минбари»нинг бугунги меҳмони — Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази Фанлараро тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими, психология фанлари доктори Зиёдахон Расулова. У ажрашишларнинг асосий сабабларидан бири бўлмиш никоҳдан ташқари муносабатлар, халқда, асосан, унинг бунга муносабатидан келиб чиққан ҳолда, хиёнат ва ўзбек оилаларида унинг ўзига хос характери ҳақида кўп йиллик тадқиқотларига асосланган ҳолда фикр-мулоҳазаларини билдиради.

Ажрашишларнинг ўзига хос ижтимоий психологик ва этнопсихологик хусусиятлари мавжуд. Бу хусусиятлар оилаларнинг бузилишига олиб келадиган сабаблар, уларнинг амалга ошиш жараёни, оқибатлари, ажрашишгача ва ундан кейинги даврлардаги эр-хотиннинг аҳволи кабиларда ифодаланади. Шундай хусусиятлардан бири ажрашиш ниятини билдириб расмий ташкилотларга мурожаат қилувчи ажрашиш ташаббускори ким эканида намоён бўлади. Шарқ оилаларида, айниқса, ўзбек оилаларида ажрашиш ташаббускори кўпроқ эркаклар бўладилар ва аксинча, Европа халқлари оилаларида, ёш оилаларда ва урбанизациялашув даражаси юқори бўлган шаҳар оилаларида ташаббускор кўпроқ аёллар бўлади.
Ўзбекистонда, расмий статистикага кўра, ажрашишлар сони деярли ўзгармай келмоқда, уларнинг орасидаги фарқ ҳамиша минг атрофида бўлиб, улар ё кўпайиб, ёки камайиб боради. Бунда ажрашишларнинг салмоқли қисми асосан Тошкент шаҳрига тўғри келади. Хусусан, 2020 йил Ўзбекистон бўйича ажрашишлар умумий 28 233 та бўлган бўлса, уларнинг 3 899 таси Тошкент шаҳрига тўғри келган, тегишли равишда 2019 йилда 31 389 та ажрашишнинг 4 529 таси, 2018 йилда 32 326 та ажрашишнинг 4 292 таси, 2017 йилда 31 929 та ажрашишнинг 3 571 таси Тошкент шаҳрига тўғри келган. 2020 йилда ажрим сонларининг сезиларли камайишини айтмаса, уларда деярли катта ўзгариш кўрмайсиз.
Ажрашишларнинг асосий сабабларидан бири бу хиёнатдир. Унинг инсонлар психологиясига таъсири, у қолдирадиган «яра» эса баъзан узоқ вақт битмасдан қолиши мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда қуйида хиёнатга етакловчи сабаблар ҳақида тадқиқотларимиз асосида фикр юритишга ҳаракат қиламиз.
Р.А.Умурзоқова томонидан 1999 йил Тошкент шаҳрининг Собир Раҳимов тумани (ҳозирги Олмазор) судида ўтказилган тадқиқотлар натижасида оила инқирозини белгиловчи омиллар ичида хиёнат биринчи ўринда турган. Аммо 2007 йилда Тошкент шаҳрида ўтказган тадқиқотимизда, оилани бузувчи омиллар ичида хиёнат учинчи ўринда, худди шунингдек, 2013 йилда М.Абдуллаева ўтказган тадқиқотида ҳам хиёнат учинчи ўриндан жой олган.
Нима учун вақт ўтиб хиёнат оилани бузувчи омил сифатида пастга тушиб кетди?
Бу борада ўзбекларда никоҳдан ташқари муносабатларнинг ўзига хос томонига тўхталиб ўтсак. Ўзбеклар асосан ислом динига эътиқод қилувчи халқ сифатида никоҳдан ташқари муносабатга гендер жиҳатдан икки хил ёндашади. Биринчидан, аёлнинг никоҳдан ташқари муносабати фақат хиёнат сифатида баҳоланади ва аксарият ҳолда кечирилмайди. Иккинчидан, эркак кишининг никоҳдан ташқари муносабатига хиёнат сифатида қаралса ҳам, кўп ҳолларда у нафақат кечирилиши, балки унинг шаклидан келиб чиқиб, қабул қилиниши ҳам мумкин. Хиёнат шакли эса бугунги кундаги никоҳ турларидан келиб чиқади.
Хусусан, Ўзбекистонда ўтказган тадқиқотларимиз, ўзбеклар орасида анъанавий никоҳдан (ҳам диний никоҳ ўқитилади, ҳам ФҲДЁдан ўтилади) ташқари «диний никоҳ», «қонуний никоҳ» ҳамда «фуқаролик никоҳ»лари борлигини кўрсатди. Диний никоҳ домланинг никоҳ ўқиши билан кифояланган шаръий никоҳ ҳисобланиб, фақат дин томонидан тан олинса, қонуний никоҳ Адлия вазирлиги томонидан юридик тасдиқланган никоҳ шакли бўлиб, унда диний никоҳ ўқилмайди. Фуқаролик никоҳида эса эркак ва аёл худди эр-хотиндек бирга яшайди, аммо қонуний ёки диний никоҳдан ўтмаган бўлади. Агар қонуний никоҳ кўпроқ диний урф-одатларни тан олмайдиганларда учраса, диний ва фуқаролик никоҳлари айнан никоҳдан ташқари муносабат ўрнатиш мақсадида кенг тарқалгани маълум бўлди. Бу борада диний ва фуқаролик никоҳларига бироз кенгроқ тўхталиб ўтсак.
Ислом дини мусулмонларга бараварига тўртта хотин олишга рухсат беради. Рухсат дегани албатта олиш шарт дегани эмас. Айтиш жоизки, кўп хотинлилик аслида ислом дини туфайли вужудга келмаган. Ислом дини, аксинча, унгача мавжуд бўлиб келган кўп хотинлиликни (ёзма манбаларда у азалдан борлиги қайд қилинган, масалан, зардуштийликда, ҳиндларда, хитойликларда ва ҳ.к.) қонуний шариатда белгилаб бериб, эркак кишига масъулиятни юклаган.
ХХ аср бошларигача кўп хотинлилик обрў белгиси ҳисобланиб, асосан, ўрта ва бой қатламларда амалда бўлиб, Ўрта Осиёда кенг тарқалган эди. Собиқ Совет ҳукуматининг полигамияга бўлган аёвсиз курашидан сўнг кўп хотинлилик кескин камайиб кетди. Совет даврида кўп хотинлилик доимо инкор қилинарди, у йўқ деб ҳисобланарди. Давлат тўнтаришигача (1917) мавжуд бўлган кўп хотинлилик Совет ҳукумати даврида бирданига «йўқ» бўлиб қолгани, албатта, ҳайратланарли. Бироқ анъана «учқуни» олис жойларда Совет даврида ҳам мавжуд эди. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши вақтида ва ундан кейин эркаклар сони кескин камайиб кетганида аёлларнинг эркакларга иккинчи, учинчи хотин бўлиб тегишлари кузатилган. Баъзи олимлар Совет даврида ҳам яширин полигамия мавжудлигини тан олганлар.
Қонуний жиҳатдан иккинчи хотин олиш бу никоҳдан ташқари муносабатга киради. Эътиборли томони шундаки, бугунги кунга келиб кўпчилик ўзбек эркаклари диний эътиқодидан келиб чиқиб, иккинчи хотинни никоҳдан ташқари муносабат деб билмайди, лекин кўпчилик аёллар уни хиёнат сифатида қабул қилади. Нима учун?
Диний уламоларга кўпчилик «Биринчи хотинидан сир тутган ҳолда иккинчи хотинга уйланиш мумкинми?», «Иккинчи аёлга уйланишда биринчи аёли ва ота-онанинг розилиги муҳимми?» каби саволлар билан мурожаат қилади. Бунга жавобан шариатда қайд этилган никоҳ қуришдаги шартлар эслатиб ўтилади. Бизни қизиқтирган масала бу эмас, балки умуман шундай саволнинг қўйилиши. Саволнинг ўзи эркак кишининг шаҳвоний ҳожати учун бошқа, яъни ўз хотинининг устига хотин олиш мақсадида ва уни бировдан яшириш, билдирмаслик мақсадида туғилганини кўрсатади. Бундай қурилган никоҳни табиий равишда, аввало, аёл киши, яъни «биринчи хотин» хиёнат сифатида қабул қилади. Оила кодексининг 13-моддасига кўра, «Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас». Бу аёл кишининг судга «эрим менга хиёнат қилди», деб ажрашиш учун ариза беришига тўлиқ асос бўлиб хизмат қилади.
Тадқиқотларимизга асосланиб шуни айтиш мумкинки, кўп хотинлиликда кўпинча биринчи хотин иккинчи хотин борлигидан хабардор бўлмайди. Бироқ биринчи хотин иккинчисидан хабардор бўлган оилаларда ҳатто кундошлар ўзаро алоқа қилиб турадиган ҳолатларнинг учраши борган сари кўпаймоқда. Кўпинча аёл эрининг иккинчи хотини борлигини билиб қолса, ўзини билмасликка олиб, барчасига «кўзини юмади». Бундай ҳолатлар асосан бадавлат ёки диний тақводор оилаларда учраган. Эрининг никоҳдан ташқари муносабати ёки оиласи борлигини билиб қолиб, ажрашишни талаб қиладиганларга асосан пули «бири икки бўлмаётган», ўзини ҳурмат қиладиган, фарзандларини эрсиз боқа олишга кўзи етган аёллар киради.
2003 йилгача ўтказилган тадқиқотга кўра, кўп хотинлилик бадавлат эркакларда кўпроқ учраган бўлса, 2007 йилга қадар қилинган тадқиқотга кўра эса кўп хотинлилик ўртаҳол, ҳатто камбағалларда ҳам кўпайиб борган. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эрининг иккинчи хотини борлигини билиб, кўникиб ё ўзини билмасликка олиб яшаётган аёллар ҳам кўпайиб бормоқда, ўз навбатида, бу кўп хотинлиликнинг кўпайишига олиб келмоқда. Ёлғиз қолиш хавфи (айниқса, бола билан), иқтисодий қийинчилик, ота-онанинг «юзини ерга қаратмаслик», одамларнинг гап-сўзидан (ҳаммага «гап» бўлишидан) қўрқиш, борар жойи бўлмаслиги, севги ё яхши ҳаётни ташлаб кетолмаслик, қолаверса, ислом динининг жамиятда тутган ўрни нисбатан ошгани сабабли масалага диний ёндашиш бунинг асосий сабабларидир.
Фуқаролик никоҳи ёхуд «синовдаги оила» ХХ асрнинг 20 йилларида Ғарбда кенг тарқалган. Атаманинг ўзи аслида ХVI асрда Нидерландияда пайдо бўлган. Бу аслида бизнинг тушунишимиздаги қонуний, яъни «гражданлик» никоҳи бўлган. Фақат ўша даврларда битта никоҳ — диний (черковда ўқитилган) никоҳ тан олинган. Ҳар хил дин эгаларининг никоҳ қуриши мумкин бўлмаган. Шундай қилиб, икки инсонни «кўк штамп» орқали қонуний никоҳлаш пайдо бўлган. Аммо бу дин томонидан тан олинмагани учун бундай никоҳда бўлганларни норасмий, аслида никоҳланмаган деб ҳисоблаганлар. Шу сабаб ўзига мажбурият юкламайдиган норасмий эр-хотинларни бугунги кунда ҳам фуқаролик никоҳи номи билан аташади. Бошқа никоҳлардан фарқли ўлароқ эркак аёл билан бирга фуқаролик никоҳида яшаса, у ҳолда аёл ўзбеклар томонидан эркакка хотин эмас, балки «ўйнаш», яъни жазман сифатида қаралади, айниқса, у иккинчи бўлганда. Эркакнинг битта аёл билан фуқаролик никоҳида яшаши кўпинча ўта «замонавий» фикрлайдиган, ғарбона ёки айниқса, байналмилал оилаларда, аралаш никоҳ фарзандларида, атеист ёки бошқа динга мансуб ўзбекларда, ажрашган ва беваларда, шунингдек, уйлангунча масъулият олмай кўнгилхушлик қилмоқчи бўлганларда учрайди.
Ўзбекларда иккинчи хотини билан шаръий никоҳ ўқитмасдан 18–20 йил бирга яшаб, ҳатто ўртада фарзандлар мавжуд бўлган ҳолатлар ҳам кузатилди. Фуқаролик никоҳидаги иккинчи хотиннинг жазмандан фарқи шундаки, бунда эркак аёлга жазман сифатида эмас, балки ўзаро муносабатларни жиддий қабул қилиб, унга «хотин» сифатида қарайди. Ўзбекларда фуқаролик никоҳи, асосан, шаҳарларда учрайди. Буларнинг кўпчилиги Тошкент шаҳрига тўғри келади.
Тошкент шаҳрида 2007 йили ўтказган тадқиқотимизда ўзбекларнинг диний, қонуний ва фуқаролик никоҳларига бўлган муносабатларини ўргандик. Анъанавий никоҳ (қонуний ва диний) билан солиштирганда, кўпчилик бу никоҳ турларига асосланган оила қуришга ўзларининг салбий муносабатларини билдирган. ФҲДЁдан ўтилмаган диний никоҳга: аёллар — 58,7 фоиз, эркаклар — 42,9 фоиз; диний никоҳ ўқитилмаган қонуний никоҳга: аёллар — 88 фоиз, эркаклар — 95,3 фоиз; фуқаролик никоҳига: аёллар — 89,6 фоиз, эркаклар — 83,3 фоиз қарши чиққан. Агар қонуний ва фуқаролик никоҳларига билдирилган салбий муносабат уларда асосан диний никоҳнинг ўқилмаслиги билан боғлиқ бўлса, диний никоҳга салбий муносабат кўп хотинлилик билан боғлиқдир. Ўз навбатида, 10 фоиз ўзбеклар фуқаролик никоҳи кўп хотинлиликка олиб келишини кўрсатган. Худди шу тадқиқотни биз 2014 йили яна такрорладик. Эътиборлиси, натижалар кўп хотинлилик масаласида мазкур никоҳ турларига салбий муносабат, айниқса аёлларда эркакларга нисбатан кўпайган. Эндиликда диний никоҳга: аёллар — 71,7 фоиз, эркаклар — 50 фоиз; қонуний никоҳга: аёллар — 91,7 фоиз, эркаклар — 90 фоиз; фуқаролик никоҳига аёллар — 91,6 фоиз, эркаклар — 80 фоиз қарши чиққан.
Ўз навбатида, хиёнат бўйича М.Абдуллаева 2013–2018 йилларда ўтказган тадқиқотидан маълум бўлдики, умумий олганда 43 фоиз ўзбеклар хиёнатни кечириш кераклигини, 40 фоизи кечирмаса ҳам бирга яшаш кераклигини ва 17 фоизи эса кечириш мумкин эмаслигини таъкидлаган. Эр ва хотин ўртасидаги хиёнатга сабаб сифатида ўзбеклар асосан «Оиладаги турли можаролар натижасида эр ва хотин ўртасига совуқлик тушиши» (аёллар — 60 фоиз, эркаклар — 68 фоиз), «Моддий тарафдан ўзгаришлар бўлганда (ё бойиб кетиш, ё моддий қийинчилик наижасида, аёллар — 20 фоиз, эркаклар — 20 фоиз)», «Бир-бирини жинсий қониқтирмаслик» (аёллар — 8 фоиз, эркаклар — 4 фоиз) ва «Ўзга бир инсонни севиб қолиш натижасида» (аёллар — 4 фоиз, эркаклар — 0 фоиз) каби омилларни кўрсатган.
Демак, муносабатларда юзага келган совуқчилик хиёнатга олиб келса, ўз навбатида, хиёнат ҳам кўп ҳолларда эр-хотин муносабатларига совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Умуман олганда, хиёнатнинг сабаби ҳам, асосан никоҳдаги бахтсизликдан келиб чиқади. Бир-бирига мос бўлмаган эр-хотинлар ўзгада бахтини топишга ҳаракат қилади.
Кейинги йилларда никоҳдан ташқари жинсий муносабатларнинг бирмунча кўпайгани кузатилмоқда. Шунинг учун уни келтириб чиқарадиган асосий сабаб ва омиллар устида қисқача тўхталиб ўтиш жоиз. Чунки ҳар бир кўнгилсиз ҳодисанинг оқибатини бартараф этиш, унинг олдини олиш аввало уни келтириб чиқарадиган сабабни билишга боғлиқдир. Ўтказган тадқиқотларимизга кўра, умумий сабаблар қуйидагилардан иборат:
- турмуш ўртоғи билан жинсий ҳаётдан қониқмаслик — эҳтиёжларнинг мос келмаслиги; билим, кўникма ва малакалар орасида катта тафовутнинг мавжудлиги; турмуш ўртоғининг касаллиги, эркакдаги жинсий ожизлик, аёлларда учрайдиган фригидлик — жинсий совуқлик ва ҳ.к.;
- турмуш ўртоғига нисбатан муҳаббат ҳислари (симпатия ёки умуман қарама-қарши жинс вакилларига нисбатан бўладиган ижобий ҳислар)нинг йўқлиги — мажбуран никоҳ қуриш, моддиятга қизиқиш, совчилар орқали шошилинч оила қуриш;
- турмуш ўртоғидан «тўйиниш» — бу ҳол турмуш қургандан сўнг 2–3 йил ўтгач ортади. Кўпинча бу турмуш ўртоғининг жинсий ҳаётга ижодий ёндашмаслиги асосида янада кучайиши мумкин;
- ўзга аёл ёки ўзга эркакни севиб қолиш натижасида;
- моддий, иқтисодий, иш юзасидан тобелиги асосида ёки карьерада кўтарилиш учун содир бўладиган хиёнат;
- илгариги дўстлари билан бўладиган хиёнат;
- спиртли ичимликлар таъсирида рўй берадиган хиёнат;
- бегона билан алоқа қандай бўлишига қизиқиш натижасида рўй берадиган хиёнат;
- бир-бирига ачиниш натижасида — бундай ҳолларда эркак киши ҳаётидан, оиласидан, хотинидан нолиб, ўзини бевафо хотиннинг ва бахтсиз тақдирнинг қурбони қилиб кўрсатади ва ўзга аёлда ўзига нисбатан ачиниш ҳисларини пайдо қилади. Шунда аёл эркакка ачинса, раҳм қилса, эркак илтимос қилса, хиёнатга осонгина қўл уради;
- ўзининг кимлигини ўзгаларга кўз-кўз қилиш, кўрсатиб қўйиш туфайли — бунда шахс дўстлари орасида обрў орттиришни мақсад қилиб қўяди ва кўзлаган кишисини ўзига жазман қилиб олади. Бунда эркак киши учун жазманнинг эстетик томонларидан кўра уларнинг сони муҳим ҳисобланади;
- оиладаги психологик келишмовчилик оқибатида эр ёки хотин бир-биридан совий бошлайди. Шунда улардан бири ёки иккаласи ҳам хиёнат йўлига киради;
- эрнинг хотинига ёки аёлнинг эрига жаҳл қилиши, аламини олиш мақсадида ўзга одам билан бирга бўлиши. Бу мазмунан психологик келишмовчиликларнинг бир кўриниши бўлса-да, келтириб чиқарган сабаблари бўйича тубдан фарқ қилади;
- ўзига хос ноахлоқий қарашлар асосида — оилада ўзини ниҳоятда эркин тутиш ва хоҳлаган вақтда хоҳлаган одами билан жинсий алоқада бўлиш ва бу ишга табиий ҳол сифатида қараш. Бу қарашлар кўпинча ёшликдан, яқин кишилари таъсирида шаклланади ва оила қургандан кейин ҳам унинг хулқ-атворига ўзининг таъсирини кўрсатаверади. Бу кўпроқ эркакларда учрайди. Шаҳар шароитида эса аёллар ўртасида етарлича кузатилади. Бунинг икки хил: яширин ва ошкор кўринишлари мавжуд;
- эр-хотиндан бирининг узоқ муддат оиладан четда яшаши, уларнинг бирга бўлмасликлари, ҳарбий хизматда, узоқ жойларда хизмат сафарида бўлиши, қамоқда бўлиши ва бошқалар;
- ёшликдаги муҳаббат ҳислари асосида;
- фарзанд кўриш мақсадида (хотинини бепушт деб ҳисоблаганда);
- бўш вақтини «яхши кайфият» билан ўтказиш истаги асосида;
- товламачилик қурбони бўлиш ва бошқалар.
Хиёнатни осон юзага келтирувчи омилларга қуйидагилар киради:
- демографик омил – маълум жойларда жинслар орасидаги мувозанатнинг кескин фарқ қилиши, яъни «куёвлар шаҳри» ёки «келинлар шаҳри»нинг мавжудлиги;
- катта шаҳарлардаги аноним ҳаёт кечириш (айниқса, бошқа шаҳар ва қишлоқлардан келганлар учун);
- алкоголь ва наркотик моддалар истеъмол қилиш;
- жинсий ҳаёт масалалари ва жинс психофизиологияси бўйича саводсизлик ёки билимларнинг қуйи савияда экани;
- кескин ифодаланган жинсий номувофиқлик;
- узоқ вақт айрилиқда яшаш.
Ўз навбатида, шуни таъкидлаш жоизки, хиёнат — бу никоҳнинг тамом бўлгани эмас, бу эр-хотин орасига совуқлик тушмоқ, ораси бузилмоқ деганидир, бу ташвиш хабаридир. Унинг кенгайиши ёки «ямоқ (чандиқ) қолдириб битиши» эр-хотиннинг ўзига боғлиқ.
«Қайта соф сув оқса қуриган жойда, балиқ ўлганидан кейин не фойда», дейди Ибн Ямин. Психологик нуқтаи назардан, хиёнат, албатта, салбий оқибат, аммо у оила-никоҳ муносабатларини янги босқичга ҳам олиб чиқиши мумкин. Умр йўлдошига эътиборсиз бўлган эр ёки хотин учинчи шахс пайдо бўлганини эшитиб, турмуш ўртоғига нисбатан эътиборлироқ бўлиб қолиши мумкин. Йўқотиш хавфи пайдо бўлганда, ёнингдаги одамнинг қадри билинади. Бироқ ўзбек жамиятида хиёнатни кечирганлар ичида бу ҳолатга кўникиб яшаётган оилаларни хатолар устида ишлаб, бир-бирига эътиборлироқ бўлиб яшаётганларга нисбатан кўпроқ учратасиз. Охиргиси саноқли ҳолатдир. Агарда эр-хотин хиёнат туфайли ажрашиб кетса, демак, оила фундаменти аллақачон ичидан бузилган (инқирозга юз тутган)дир.
Юқоридагилардан хулоса қилиш керакки, оила мустаҳкамлиги абадий берилмаган, у доимо оила аъзоларининг биргаликдаги ҳаракатлари билан амалга ошади. Уруш, жанжаллар, тўқнашувлар орасида оилавий бахт, мулоқот, севги борлигини унутмаслик керак. Тадқиқотимиз шуни кўрсатдики, ёшлар оилавий ҳаётни ўз ташаббуслари билан онгли ва пухта ўйлаб, шунингдек, барча масъулиятни сезган ҳолда ва жиддий муносабатда бўладиган ёшда никоҳ қурсалар, бундай оилаларнинг аксарияти бахтли ва мустаҳкам бўлади.
Оилада тўқнашув ва жанжаллар фақат икки ҳолатда бўлмайди. Бирида, можаро жуда ҳам ичига кириб кетган бўлиб, ҳар бир оила аъзоси нимадир ўзгартиришдан умид узган, бир-бирига бефарқ бўлиб қолган, ҳар бири ўз манфаати билан яшайди. Умуман олганда, эр-хотинлар бирга яшайдилар-у, аммо алоҳида-алоҳида бўладилар ва ҳеч ким бу алоқани узишга қарор қилмайди, бунда эҳтиёж бор деб ҳам ҳисобламайди. Бу оилада тўқнашув ва жанжаллар йўқ, чунки сурункали низо яширинган ҳолда доимо мавжуддир. Оиланинг ривожланиши тўхтатилди. Иккинчисида, оила узоқ вақт шунчалик бахтли ҳаёт кечирадики, ҳиссиётлар сўнади, тенг муносабатлар ўрнатилади, эр-хотинлар бир-бирларини сўзсиз ҳам тушунишади, улар бир-бирларига керак эканликларини билади ва ўтмиш билан яшашни бошлайди. Ўзбекларда асосан биринчиси энг кўп учрайдиган ҳолатдир.
Бугунги кун ва келажак билан яшайдиган оилада, бир-бирига қизиққан эр-хотинларда, баркамолликка ва муносабатларининг баркамоллигига интилган эр-хотинлар орасида низо, тўқнашув, жанжалларнинг бўлиши муқаррардир. Ҳамма гап бу жанжаллар қанча кўп бўлишида, қайси сабабларга кўра ва қандай шаклда кечиши, қандай йўналганлиликка эга бўлиши ва қай тарзда якунланишидадир. Бу эса эр-хотинларнинг ўзига, уларнинг характерига, қандай тарбия кўрганига, сабр-тоқатга ва оилавий ҳаётга тайёрлигига боғлиқдир.
Аксарият ҳолларда ёшлар оиладаги низоларнинг, тўқнашувларнинг ва умуман, оилавий ҳаётдан қониқмасликнинг асл сабабини билмайдилар. Сабаби кўп ҳолларда қониқмаслик ҳисси онгли равишда эмас, балки онг остида бўлади. Ўз навбатида, шу нарса маълум бўлдики, ўзбекларга хос бўлган этнопсихологик хусусиятларига кўра, оилавий ҳаёт қурилгандан сўнг, умр йўлдоши ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Ўзбекларда асосий эътибор уй-хўжалик ишларига қаратилиб, эр-хотин ўртасидаги муносабатларга унчалик даражада эътибор берилмайди. Эр-хотиннинг ҳар бири ўз вазифасини ўзи қилсин, умр йўлдошим мени бахтли қилсин деб, оила мустаҳкамлиги устида ҳаракат қилмайдилар. Ўзбек оилаларида бу ҳолат кўпроқ эркакларда кузатилади.
Шу нарсани инобатга олиш лозимки, эр-хотинлар ўртасидаги муносабатда «бумеранг» эффекти рўй беради. Умр йўлдошига нисбатан ҳар бир қилинган ёмон иш ё муомала ёки ўйламай айтилган гап, охир-оқибатда субъектнинг ўзига қарши қайтиб келади ва объект томонидан унинг шахс сифатидаги ўрни тушиб кетади. Шу сабаб, масалан, эрнинг хотинга нисабатан қўполлиги, беэътиборлиги кабилар унинг хотини кўз олдида обрўси тушиб кетишига олиб келади. Кейинчалик бу хотиннинг онг остида эридан кўнгли қолишига сабаб бўлади. Бу, ўз навбатида, унинг эри билан бўлган муносабатида акс этишни бошлайди. Оқибатда аёлининг ҳаракатларини нотўғри деб билган эр қанчалик ўзининг оиладаги мавқеига урғу бермасин, оилада носоғлом муҳит пайдо бўлганига ўзи сабабчи бўлганини тушуниб етиб, хотинига муносабатини ўзгартирмагунча вазият ўзгармайди. «Бумеранг» эффекти эр-хотин муносабатлари ва уларнинг мустаҳкамлиги учун энг хавфли омил ҳисобланади.
Демак, оиланинг мустаҳкамлиги учун кураш энг аввало, оиланинг бузилишига олиб келадиган жанжал ва низоларнинг келиб чиқиш сабабининг олдини олишни кўзлайди. Агар эр-хотинларда никоҳгача маънавий яқинлик, бирлик, қизиқишларнинг бирлиги бўлмаса, агар уларнинг ижтимоий-психологик етуклиги етарли даражада бўлмаса, оила, фарзандларга, ота-онага нисбатан масъулият ҳисси ривожланмаган бўлса, одатда, бундай ҳоллар оиланинг бузилишига олиб келади. Айнан никоҳгача севгини кўзлаган, аммо уни эр-хотинлик севгисига айлантиришга шошилмаганлар умр йўлдошларига хиёнат қиладилар, ажрашадилар, ёмон кўрадилар. Улар севгини шундоқ ҳам бор деб ўйлаб, ўз ҳис-туйғуларини муносабатларга, муносабатларни ўзаро боғланишга айланишига ёрдам бермаганлар.