Ички ишлар вазирига парламент сўрови юборилди
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга «Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисида»ги қонун ижроси ва унга оид муаммоларни бартараф этиш бўйича парламент сўрови юборилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда фуқаролик ва миграцияга оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик базаси яратилмоқда. Ушбу соҳалардаги маъмурий тартиб-таомилларини соддалаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш белгиланган.
Шунингдек, 2020 йилда соҳани ривожлантиришга доир қонун ва қонуности ҳужжатлари, хусусан, янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган.
Таъкидланишича, Президентнинг «Доимий рўйхатга олиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари эълон қилинган.
Мазкур ҳужжатларга кўра, Ички ишлар вазирлиги ва тегишли давлат идораларига фуқаролик ва миграция масалаларига оид топшириқлар берилган. Хусусан, фуқаролик масалаларига оид идоралараро маълумотлар электрон базасини шакллантириш, «Манзил» тизимини такомиллаштириш ва давлат идораларининг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқароларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш, идентификация ID-картасига эга бўлиш имкониятларини яратиш каби вазифалар белгиланган.
Парламент қуйи палатасининг мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун ҳамда соҳага оид 2020 йилда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси, соҳага оид муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги қуйи палатанинг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинган.
Аввалроқ Транспорт вазирига экспортга таъсир қилувчи муаммолар бўйича парламент сўрови юборилгани, шунингдек, Ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирларига сенатор сўрови юборилгани хабар қилинган.