Йўлларда ППХ ходимларининг автомашина ҳужжатларини текшириш ҳуқуқи борми? ИИВ жавоб берди
АОКАда 28 апрель, чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов йўлларда ДАН ходимидан ташқари, бошқалар, масалан «ППС» ходимларининг автомашина ҳужжатларини текширишга ҳуқуқи бор-йўқлиги тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, ИИВга Тошкент шаҳри, Бўстонлиқ тумани, Жиззах шаҳрида яшовчи ва бошқа ҳудудлардан жами 6 нафар фуқародан юқоридаги мазмунда савол келиб тушган.
Шоҳрух Ғиёсовнинг айтишича, ИИО тўғрисидаги қонунга кўра, ҳар бир ИИО ходимига, хизматга тегишлилигидан қатъи назар, «зарур бўлган ҳолларда, транспорт воситаларини тўхтатиш, ҳайдовчини ва юкнинг ҳужжатларини текшириш ҳамда транспорт воситасини ва юкларни ташқи кўздан кечириш» ҳуқуқи берилган.
«Эсингизда тутинг, ҳар бир ИИО ходими, хоҳ у ППХ, профилактика, жиноят қидирув ва бошқа бўлсин, вазият тақозо қилса, сизни ёки автотранспортингизни текшириши мумкин», — деди ИИВ матбуот хизмати раҳбари.
Шунингдек, фуқаролардан ЙПХ ходими қоидабузарни шахсий транспортида таъқиб қилиши мумкинлиги борасида савол келиб тушган. ИИВ ходими мазкур масалага ҳам ойдинлик киритган.
«Ундан ташқари, ИИО ходимига, ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида, ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий фойдаланиш ҳуқуқи берилган. Бу қонуний талаб. Яъни ходим хизматни нафақат ўзининг шахсий транспортида, балки сизнинг транспортингиздан фойдаланган ҳолда ҳам амалга ошириши мумкин. Агар бўйсунмасангиз, қонуний жавобгарлик бор. Бу жараёнда транспортингизга шикаст етса, зарар ўрнатилган тартибда қопланади. Ходимларнинг ҳаракатидан норози бўлсангиз, шикоят қилишингиз мумкин», — деди Шоҳрух Ғиёсов.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ангренда ЙПХ ходими шахсий автомобилида «Damas»ни қувиб юргани ҳақидаги хабарга изоҳ берилганди. Шунингдек, Жиззахда ЙПХ ходими ҳайдовчини сўккани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилган.
