Навоий вилояти Учқудуқ туманида 3 ёшли фарзандини сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Департамент, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар бошқармаси Учқудуқ тумани бўлимлари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Д.Б. исмли аёл 3 ёшли қиз фарзандини И. исмли фуқарога 60 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Д.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Бухорода чақалоқни сотмоқчи бўлган она-қиз қўлга олингани ва Андижонда 3 ойлик чақалоғини 700 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, Навоийда никоҳсиз туғилган чақалоғини 25 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани ҳақида маълум қилинган.