Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи пенсия ва нафақа олиши маълум қилинди
АОКАда 28 апрель, чоршанба куни Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутасаддилари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи пенсия ва нафақа олиши маълам қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Пенсия жамғармаси директори Абдулазиз Ҳайдаровнинг айтишича, 1 апрель ҳолатига кўра пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3,9 миллион нафарга яқинлашиб, аҳоли сонидаги улуши 11,2 фоизни ташкил қилган.
Қайд этилишича, шундан 3,5 миллион нафарга яқини пенсия ва 400 минг нафардан ортиғи нафақа олувчилар ҳисобланади. Шунингдек, 1-чоракда 86 535 нафар фуқарога пенсия ва нафақа тайинланган.
«Ҳар ойда 3,9 миллион нафарга яқин фуқарога пенсия ва нафақа тўловлари учун ойлик талабномаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши ҳамда ойма-ой тўлиқ тўланиши таъминланиб, бу мақсадларга Пенсия жамғармаси ҳисобидан 845 миллиард сўм ва Республика бюджети ҳисобидан 961 миллиард сўм маблағ харажат қилинади», — дейди Абдулазиз Ҳайдаров.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 февраль ҳолатига кўра, 4 892 нафардан ортиқ фуқароларнинг пенсия ишларини текшириш натижасида аниқланган 12 миллиард сўмлик ортиқча тўловлар ҳисобдан чиқарилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони маълум бўлганди.