Ўзбекистонда 1 майдан импорт ва экспорт қилинувчи маҳсулотларни лабораториядан ўтказиш хизмати пулли бўлади
AОКAда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова иштирокида 28 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда 1 майдан импорт ва экспорт қилинувчи маҳсулотларни лабораториядан ўтказиш пуллик бўлиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Мутахассиснинг маълум қилишича, 2021 йил 1 май санасидан бошлаб Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда импорт ҳамда экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотларини лаборатория экспертизасидан ўтказиш хизмати расман пуллик этиб белгиланган.
Шунингдек, у лаборатория хизмати нархида ҳар бир намуна учун 88 563 сўм миқдорида тўлов жорий этилганини, бундан ташқари, ушбу нархга кимёвий реактив ва бир марталик ишлатиладиган маҳсулотлар нархи алоҳида ҳисобланишини қайд этган.
Маълумот учун, тўлов шартнома асосида амалга оширилади.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда ноёб ўсимлик хитойликлар томонидан ноқонуний терилаётгани юзасидан қўшимча маълумот берилгани ҳақида хабар қилинганди.