Ўзбекистонда зиёрат туризмига сайёҳларни жалб қилиш учун қанча маблағ ажратилгани очиқланди
Тошкент шаҳрида 28 апрель, чоршанба куни зиёрат туризмини ривожлантириш юзасидан ўтказилган давра суҳбатида Туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов Ўзбекистонда зиёрат туризмига сайёҳларни жалб қилиш учун 2021 йил давомида қанча маблағ ажратилгани ҳақида айтиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 9 февралида Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган. Унда қулай ички ва халқаро зиёрат туризм муҳитини яратиш, юртимизнинг зиёрат туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинган.
Давра суҳбатини очиб берган Туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимовга кўра, 2021 йилда вилоятлар кесимида зиёратгоҳларнинг тарғиботи учун жами 1,1 миллиард сўм, хорижий давлатларда мамлакатимизнинг зиёрат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, қатор янги маҳаллий ва хорижий йўналишларда авиапарвозлар ва темир йўл қатновларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
«Президент томонидан 2021 йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш вазифаси топширилган. Таъкидлаш керакки, бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Юртимизда ислом динига оид 784 зиёратгоҳ, насронийлик динига оид 19 ҳамда буддавийликка оид 8 маданий мерос обекти мавжуд. Бу имкониятдан фойдаланиб, жорий йилда 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин», — деди Aзиз Aбдуҳакимов.
У шу билан бирга, 2020 йилдан бошлаб COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, хусусий сектор субектларига бир қатор имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилганини маълум қилди.
Шунингдек, давра суҳбатида сўзга чиққан Транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев зиёрат туризмини ташкил этишга авиақатновларда йўлга қўйиладиган ишлар юзасидан ахборот берди. Унинг айтишича, 2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнгача бўлган авиақатновлар учун авиаташувчиларга чипта нархининг 25 фоизи субсидияланиши кўзда тутилган. Бу эса ўз ўрнида маҳаллий йўналишларда авиақатновлар жозибадорлигини ҳамда бошқа транспорт турларига нисбатан рақобатбардошлигини оширади.
Транспорт вазири ўринбосари бундан ташқари, вилоятлар аро зиёрат туризмини ривожлантиришга асос сифатида «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан Урганч–Фарғона–Урганч йўналиши бўйича 2021 йилнинг февралидан бошлаб ҳафтасига 2 марта (пайшанба ва шанба кунлари) мунтазам авиақатновларни амалга ошириш жорий этилганини таъкидлади.
Мавзуга доир:
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Доғистонда, Чеченистонда ва Санкт-Петербургда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳияти тақдимоти ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов туризм ва спорт вазири лавозимига тайинлангани хабар қилинган.