Ўзбекистондан Россияга нега июнь ойигача авиарейслар йўқлигига изоҳ берилди
Тошкент шаҳрида 28 апрель, чоршанба куни фуқаро авиацияси бозорининг ривожланиш истиқболлари юзасидан ўтказилган брифингда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Ўзбекистондан Россияга нега июнь ойигача авиарейслар йўқ эканига изоҳ берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Маълум қилинишича, Россиядан Тошкент шаҳрига узлуксиз рейслар йўлга қўйилган. Бироқ билетларни сотиб олиш имкони йўқ. Энг яқин санадаги билет эса тахминан 12 июнга тўғри келади. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг мазкур масала юзасидан берган изоҳига кўра, ҳозирда «Uzbekistan Airports» талабига нисбатан йўловчилар миқдори кўп.
«Авиапарвозлар йўлга қўйилгани рост. Рейслар қўйилганига қарамасдан, билетлар йўқлигига сабаб уларнинг барчаси фуқаролар тарафидан сотиб олинганидир», — деди Илҳом Маҳкамов.
Шунингдек, у бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун соҳада регуляр парвозлар сонини ошириш бўйича ишлар қилинаётганини айтди. «Uzbekistan Airways» авиокомпанияси раҳбари Илҳом Маҳкамов 1 апрелдан халқаро аэропортларда хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари тарифлари 27 фоизга туширилгани ҳақида ҳам ахборот берди.
У «Uzbekistan Airports» АЖ ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган дастур асосида зиёратчиларни ташиш бўйича хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари учун эълон қилинган тарифларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинишини қайд этди.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Фарғона ва Истанбул орасида мунтазам авиақатнов йўлга қўйилиши ва Самарқанд–Жакарта авиарейси йўлга қўйилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон Ҳиндистон билан мунтазам авиақатновларни тиклагани ҳақида хабар берилган.