«Ўзбекистонга кириш учун коронавирусга қарши ҳужжатнинг ўзи етарли» — Нурмат Отабеков
Тошкент шаҳрида 28 апрель, чоршанба куни зиёрат туризмини ривожлантириш юзасидан ўтказилган давра суҳбатида СЭОМ раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков туристлар учун ҳозирда коронавирус йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг ўзи етарлилиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

СЭОМ раҳбари ўринбосарига кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудига кириш учун коронавирус йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг ўзи етарли, келгусида эмланганлик тўғрисидаги сертификат ҳам талаб қилиниши мумкин.
«Ўзбекистонга кириш учун коронавирусга қарши ҳужжатнинг ўзи етарли. Негаки, ҳозирда дунё бўйича эмланганлар сони анча кам. Асосий мақсад туристлар соғлом келишсин, соғлом кетишсин. Улар мамлакат ҳудудига соғлом кириб келишса, соғлом кетишади. Асосий вазифаларимиз уларнинг яшаш, овқатланиш ва зиёрат ташрифларини амалга оширадиган жойларига қаратилиши лозим», — деди Нурмат Отабеков. У, шунингдек, Ўзбекистон коронавирус бўйича анча катта тажрибага эга бўлгани ҳақида гапирди.
«Дунё тан оладиган даражада бир неча рақамларимиз бор, уларни айтиб ўтмаслик эса ўринсиз. Мамлакатда коронавирусга чалинган беморларни ташхислаш, даволаш ва олдини олишда етарли шарт-шароитлар яратилган. Бироқ, шу билан бир қаторда, эсда тутиш лозимки, инфекциянинг қолиш учун ёки кетиш учун келгани ҳали қоронғи. Олимларнинг фикрича, юқумли касалликлар қолиш учун келади. Шу нуқтаи назардан ёндашилса, аҳоли келгусида Covid бор шароитда яшаш, фаолият юритиши керак бўлса, айнан зиёрат туризмини ривожлантириш, давлатнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган барча имкониятларни ишга солишимиз керак бўлади», — дея фикр билдирди СЭОМ раҳбари ўринбосари.
У бунинг учун республикада барча имкониятлар ва тизим тайёрлигини ҳамда бу каби кескин вазият келиб чиқишига йўл қўймаслик учун барча имкониятлар ишга солинаётганини айтди. Шунингдек, инфекциядан сақланиш учун шахсий ҳимоя, жамоат жойларидаги ташрифларда бирозгина ижтимоий масофани сақлаш, мулоқот йўли билан юқиш эҳтимоли юқорилигини унутмаслик ва ҳар бир шахсдан ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиш кераклиги талаб қилинса, унинг ижросига эришилса, вирусни енгишдек мақсадга етиш мумкинлигини таъкидлади.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистон худудига кириш-чиқишда коронавирусга тест топшириш тартиби бекор қилиниши маълум қилинганди.