«Президент блогерларга рухсат берган». Сурхондарёда дўкон сотувчисининг видеосини унинг рухсатисиз тарқатган блогер иши бўйича изоҳ берилди
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов АОКАда 28 апрель, чоршанба куни ўтказилган брифингда Сурхондарё вилояти Денов туманида дўкон сотувчисини қалбаки маҳсулот сотганликда айблаб, унинг видеосини рухсатисиз тарқатган блогер иши бўйича изоҳ берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Маълум бўлишича, Сурхондарё вилояти Денов туманидаги қурилиш моллари дўкони сотувчисининг дўконига бир ой аввал блогер келиб, «цементга кул аралаштиргансанлар» дея, видеога олиб кетган. Сотувчи эса унга тайёр маҳсулот олиб сотишини, айби йўқлигини ҳамда интернетга расмини қўймаслигини айтган. Бироқ блогер унинг видеосини интернетда тарқатган. Сотувчи блогердан нима учун ундай қилганини сўраган. Блогер бунга: «Президент блогерларга рухсат берган», — деб жавоб қайтарган.
Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ходими изоҳ бериб, ҳеч бир фуқарони уларнинг рухсатисиз тасвирга олиш ва уни ижтимоий тармоқларда тарқатиш мумкин эмаслигини таъкидлаган.
«Фуқароларнинг шахсига оид маълумотлар махфий ҳисобланади. Шу жумладан, шахснинг тасвири ҳам унинг шахсига оид идентификацион белгиси саналади. Фуқароларнинг шахсига оид маълумотларини уларнинг розилигисиз тарқатиш маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Жамоат назорати субъектлари учун, алоҳида қайтараман, фуқароларнинг юз тузилишини уларнинг рухсатисиз тасвирга олиш ва тарқатиш мумкин эмас», — деди у.
Шунингдек, Шоҳрух Ғиёсов фуқаро юқоридаги ҳолатни содир этган киши устидан даъво киритиши ва у жавобгарликка тортилиши мумкинлигини ҳам эслтиб ўтган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Тошкентда қарама-қарши йўлда ҳаракатланган автоблогерга жарима ёзмаган ЙПХ ходимига чора кўрилгани ҳамда ИИВ блогерларни қонунчилик талабларига риоя қилишга чақиргани ҳақида хабар берилганди.