Қашқадарёда электр таъминоти корхонаси бошлиғи 400 доллар пора билан ушланди
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида электр таъминоти корхонаси бошлиғи 400 АҚШ доллар пора билан ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматинингнинг вилоят бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Қайд этилишича, унда Шаҳрисабз туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи У.Б. фуқаро Д.ни корхонага ишга қабул қилиш эвазига 2021 йил 24 март куни пора олган. Шундан сўнг у пулларини ўзининг ҳайдовчиси Б.Р. орқали фуқаро Д.га қайтариб берган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан У.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Андижонда аввал судланган ҳокимият ходими пора билан қўлга тушгани ва Самарқандда тез тиббий ёрдамга ишга киритишини айтиб, пора олган ҳамшира ушлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкентда қўриқлаш хизматига олиб кириб қўйишини айтиб, фуқародан пора олган эркак қўлга олингани маълум қилинган.