Қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ИИВ академиясидан фоторепортаж
Ички ишлар вазирлиги академиясида 27 апрель, сешанба куни оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида пресс-тур ташкил этилди. Унда курсантларнинг яшаш тарзи, ўқув машғулотлари ва уларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Академиянинг умумий майдони 42 гектарни ташкил этиб, бу ерда курсантлар саф тортиши учун республикада энг катта саф майдони барпо қилинган. Академия бошлиғи ўринбосари, полковник Алишер Абдуллаевнинг сўзларига кўра, ҳар куни эрталаб 8:00 да 2000 нафар курсант давлат мадҳиясини куйлайди, ундан сўнг гуруҳ бўлиб дарсларга киради.


ОАВ вакиллари академия билан танишиб бўлгач, ўқув биноларига ҳам таклиф этилди. Бу ерда ҳар бири 150 ўринга мўлжалланган 9 та маъруза зали, мутахассислик кафедраларининг ўқув-методик хоналари барпо этилган.
Академия ўқитувчисининг таъкидлашича, назарий семинар машғулотларини амалий мустаҳкамлаш мақсадида сўроқ қилиш учун махсус тергов хонаси мавжуд. У ерда 5 кишидан гуруҳларга бўлиниб тергов ҳаракатлари олиб борилади. Жойида воқеалар экранда намойиш этилади. Камчилик ва хатоларни бартараф этиш устида қолган ўқувчилар ишлайди.


Шунингдек, овқатланиш мажмуасида 250 ўринли офицерлар ошхонаси, 2600 ўринга эга курсантлар ошхонаси барпо этилган. Ошхонада замонавий аутсорсинг хизмати йўлга қўйилган.
Академияда, шунингдек, 600 ўринга мўлжалланган анжуманлар зали, академия тарихи ҳамда Чўлпон музейи ташкил қилинган.

Бундан ташқари, бир вақтда қарийб 1000 кишини ўзига сиғдира оладиган, турли мазмундаги жами 500 мингдан ортиқ ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар жамланган китоб фонди мавжуд.

Маълумот учун, ҳозирги кунда таълим муассасаси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги, Халқаро полиция академияси ассоциацияси, Европа Иттифоқининг Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларини тайёрлаш бўйича агентлиги, Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган.


Аввалроқ ИИВ кибержиноятларга қарши курашиш бўлими номидан фуқаролардан пул талаб қилинаётгани тўғрисида огоҳлантиргани ҳақида хабар берилганди.
