Реклама баннерлари ортига яширинган жиноят. Реклама объектларини жойлаштириш бўйича қатор қонунбузарликларга йўл қўйган мансабдор жазоланди
Шу пайтгача эътибор берилмаган йўналишлардан бири бўлган ташқи рекламаларни жойлаштириш соҳаси охирги пайтларда кун тартибига чиқди. Бунга сабаб Тошкент шаҳрида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб то йилнинг охиригача бўлган муддатда ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш, ўрнатиш, ўзгартириш ва паспортларининг берилишига мораторий эълон қилиниши, яъни тақиқ қўйилишидир. Ушбу тақиқдан мақсад шаҳарда ўрнатилган ташқи рекламаларни хатловдан ўтказиб, ягона электрон реестрни шакллантириш экани кўрсатилган.

Ушбу соҳа вакиллари шу пайтгача бемалол ишлаб келган. Бемалол деганда ҳам қонуний, ҳам ноқонуний ишлаш назарда тутилмоқда. Улардан бири «Toshkent Reklama Servis» давлат унитар корхонасида 2006 йилдан бошлаб 2018 йилгача директор лавозимида ишлаб келган А.И.дир. «Toshkent Reklama Servis» Тошкент шаҳар ҳокимлигининг реклама ва ахборот фаолияти бўйича комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади. А.И. бир вақтнинг ўзида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг реклама ва ахборот фаолияти бўйича комиссияси масъул котиби сифатида ҳам ишлаб келган.
А.И. раҳбарлигидаги ДУК ва унинг ходимлари ўзига юклатилган вазифаларга лоқайд ёки виждонсизларча муносабатда бўлиб, юридик ва жисмоний шахсларга ташқи реклама воситаларини ўрнатииш учун 700 та «Реклама жойининг паспортлари» бўйича белгиланган тартибда ва муддатда ўрнатилиши ҳолатини ўз вақтида мониторинг қилмагани натижасида юридик ва жисмоний шахслардан «Toshkent Reklama Servis» ДУКга ундирилиши лозим бўлган 328 миллион сўмга яқин маблағлар тариф бўйича ҳисобланмаган ва ушбу малағларни ундириш чораларини кўрмаган.

А.И. 12 йиллик фаолияти давомида унга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштирган ва талон-торож қилган. Хусусан, 2014 ва 2015 йиллар давомида «Toshkent Reklama Servis» ДУК таъсисчиси билан келишмасдан, ортиқча штат бирлигини тасдиқлаб, уларга ҳар ой 36 миллион сўмдан зиёд иш ҳақи ва ажратмалар бериб келган.
Бундан ташқари, А.И. бош вазирнинг топшириғи билан қатор кўчалардаги трасса бўйлаб ўрнатилган реклама қурилмалари олиб ташланган бўлишига қарамасдан, ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, мазкур ҳудудларга 18 та реклама қурилмасининг ўрнатилишига йўл қўйиб берган.
«Toshkent Reklama Servis» ДУК собиқ раҳбари Тошкент шаҳрида турли корхона ва тадбиркорларга тегишли бўлган жами 684 та реклама жойининг паспортларига комиссия аъзолари томонидан қайта кўриб чиқилишига йўл қўймасдан, ўзбошимчалик билан реклама қурилмаларининг жойлаш жойи, ўлчами, тури, чизмаси, фотосурати ва ундаги бошқа маълумотларни ноқонуний равишда ўзгартириб, сохта маълумотларни киритган. Шу йўл билан уларни 90 та хўжалик юритувчи субъектга тақдим қилган ва бунинг натижасида уларнинг 34 тасидан жами 30 миллионга яқин маблағларни корхона фойдасига ундирмаган.
Юқоридагилардан ташқари А.И. бир қатор ноқонуний ҳаракатлар амалга ошириб, ўз жиноий шериклари билан «Toshkent Reklama Servis» ДУКнинг маблағларини талон-торож қилиб келган.
Айбдорнинг қилган ҳаракатлари ва бир нечта факторларни ҳисобга олиб, суд А.И.ни Жиноят кодексининг 167-моддаси билан энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида, яъни 20 730 000 сўм жарима, 45-моддага асосан, корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда мансабдорлик лавозимларини эгаллашдан маҳрум қилиш, Жиноят кодексининг 207 ва 205-моддалари билан иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлар, Жиноят кодексининг 209-моддаси билан энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баравари миқдорида, яъни 20 409 500 сўм жарима, Жиноят кодексининг 144-моддасининг 1-қисми билан иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинлади.
Реклама объектларини жойлаштиришга қўйилган мораторийга жамоатчилик гарчи дарахт кесишга қўйилган тақиқдек эътибор қаратмаган бўлса-да, тилшунос Эльдар Асанов реклама объектларидаги хатоликларларни танқид қилиб чиққан эди. Аслида, тил барчасидан устун туришини ҳисобга олсак, реклама жойлаштириш учун ажратилган жойларга фақатгина «шапка»сини берган эмас, балки тилга эътибор берилган, хатоликларсиз ёзилган рекламалар жойлаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Аввалроқ Тошкентда ички йўлларни таъмирлашга ажратилган пулларни талон-торож қилган мансабдорлар аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.