Россияда ҳайвонларни Ойга юборадиган космик кема ишлаб чиқилади
«Роскосмос» ҳайвонларни Ойга юбориш учун янги авлод «Возврат-МКА-Л» космик кемаси ишлаб чиқарилишини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Келтирилишича, унинг ёрдамида сайёралараро парвознинг тирик организмларга қўшма таъсири доирасида биотиббий тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилган. «Возврат-МКА-Л» космик кемасини ишлаб чиқариш 2022 йил 15 ноябргача якунланиши, 2023 йилда эса қурилманинг дизайнини аниқлаш белгиланган. Уни ишга тушириш вақти маълум қилинмаган.
Таъкидланишича, «Роскосмос» бунгача 2025 йилдан 200 минг километр баландликка кўтарилувчи «Возврат-МКА» орқали 20 та сичқонни ва 2023 йилда 800 километрга чиқувчи «Бион-М» биологик йўлдош орқали сичқонлар, судралиб юрувчилар, ҳашаротлар, ўсимликлар ва микроорганизмларни космосга учиришни режалаштирган.
Аввалроқ «Роскосмос» 2023 йилдан сайёҳларни космосга жўнатишни бошлаши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Хитой 2024 йилда сайёралараро станцияни ишга тушириши маълум қилинган.