Сирдарёда 1 июлдан давлат тиббий суғуртаси жорий этилади
Сирдарё вилоятида 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг охирига қадар тажриба-синов лойиҳаси доирасида давлат тиббий суғуртаси жорий этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, республикада соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини ташкил этишнинг янги модели — «электрон поликлиника» ахборот тизими ва маълумот базалари ҳамда давлат тиббий суғуртасини жорий этиш бўйича синов лойиҳаси йўлга қўйилган. Давлат тиббий суғуртаси тизими республика бўйлаб 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилади. Биринчи босқич тажриба тариқасида Сирдарё вилояти тиббиёт муассасаларида, иккинчи босқич 2023 йилда Қорақалпоғистонда, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, учинчи босқич 2025 йилдан бутун мамлакат бўйлаб татбиқ этилади.
Шунингдек, лойиҳага Гулистон шаҳрида 5 та, Янгиер шаҳрида 2 та, Боёвут туманида 14 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари жалб қилинган. Аҳолини рўйхатга олиш натижасида «электрон поликлиника» маълумотлар базасига Гулистон шаҳрининг 102 минг нафардан ортиқ, Янгиер шаҳрининг 42 минг нафар, Боёвут туманининг 123 минг нафардан ортиқ аҳолиси киритилган.
Ҳудудда 2022 йил охиригача амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳаси 5 та йўналишда олиб борилади. Тиббий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш, соғлиқни сақлашни бошқариш, тизимни молиялаштириш, рақамлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш шулар жумласидандир. Давлат тиббий суғуртасини жорий этиш ва режалаштирилган ислоҳотлар аҳолига давлат томонидан кафолатланган пакет доирасида янада сифатли тиббий хизматларга эга бўлиш имконини беради. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели қўшимча молиявий маблағларни жалб этмаган ҳолда тиббий хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Мавзуга доир: «Касаллик билан курашиб олайлик, кейин танқид қиласиз». Бош вазир ОАВни ваҳима кўтармасликка чақирди
Аввалроқ Ўзбекистонда тиббий маслаҳат беришга қаратилган Call-марказ фаолияти қайта йўлга қўйилиши ва Ўзбекистонда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани хабар қилинган эди.