Тошкентда хавфсизлик чоралари кўрилмаган цех ишчисининг оёғи станокка кириб кетди
Цех раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган
Тошкент вилояти Янгийўл туманида 16 апрель, жума куни хавфсизлик чоралари кўрилмаган цех ишчисининг оёғи станокка кириб кетди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Хабарга кўра, Янгийўл тумани Қирсадоқ маҳалласида жойлашган қоғоз ишлаб чиқариш цехида ишловчи 24 ёшли Т.У.нинг пахта титиш учун мўлжалланган «Шнег» ускунаси ўнг оёгини тортиб олган. Аниқланишича, воқеага ускунадан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани сабаб бўлган.
Таъкидланишича, суд тиббий экспертизаси давомида фуқаро Т.У. оғир тан жароҳати олгани аниқланган. Шунингдек, текширув давомида мазкур цех раҳбарлари ва масъул смена бошлиқлари томонидан техник қоидалар бузилгани, ускунада ишлаш учун етарли хавфсизлик чоралари кўрилмагани ва хавфсизлик талаблари бузилгани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Янгийўл тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 1-қисми (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов жараёнлари давом этмоқда.
Аввалроқ Тошкентдаги синтепон ишлаб чиқариш цехи ёниб кетгани, шунингдек, Наманганда қалбаки дорилар ишлаб чиқараётган яширин цех аниқлангани хабар қилинган.