«Чекка ҳудуддаги мактабларни интернет билан таъминлаш бизга қимматга тушади» — Халқ таълими вазирлиги
АОКАда 29 апрель, пайшанба куни Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида чекка ҳудуддаги мактабларга интернет олиб бориш қимматга тушиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжоновнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда 90 фоизга яқин мактабларга юқори тезликдаги оптик толали интернет сими тортиб борилган. Қайд этилишича, бу кўрсаткич 2020 йилда 70 фоизни ташкил этган. Шунингдек, 2021 йил охирига қадар ушбу мактаблар интернет инфратузилмаси билан таъминланишини айтиб ўтган.
«Энг қийин масала чекка ҳудуддаги мактабларга оптик толали сим олиб бориш ҳисобланади. Битта иқтисодий мисол келтираман: Чироқчидаги икки мактаб орасидаги масофа 150–160 километрни ташкил этади. У ерга сим тортиб бориш иқтисодий ўринли эмас. Биттагина мактабга интернет олиб бориш бизга жуда қимматга тушади. Ушбу масалани АКТ вазирлиги билан бошқа механизмларни ишлаб чиқяпмиз», — дейди Рустам Каримжонов.
Шунингдек, у вазирликнинг вазифаси давлат учун иқтисодий энг маъқул вариантни танлаш эканини таъкидлаган.
«Бу бюджет пулидан қилинадиган харажат ҳисобланади. Биз энг самарали йўлини топишимиз керак. Шу нуқтаи назардан иқтисодий номаъқул бўлган вариантни танлашга йўл қўймаймиз. Чекка ҳудудларни интернет билан таъминлаш бўйича ечим кутяпмиз», — дейди вазир ўринбосари.
Аввалроқ Ўзбекистонда қанча мактаб ва боғчалар интернет билан таъминлангани айтилгани, Ўзбекистон интернет нархи энг арзон мамлакатлар рейтингига киритилгани ҳақида хабар берилганди.