Гулистон ҳокими ўринбосари рўйхатда турувчи аёлдан пора олаётган пайтда ушланди
Гулистон тумани ҳокими ўринбосари «Аёллар дафтари» рўйхатида турувчи аёлдан пора олаётган пайтда ушланди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда «Чорванасл» маркази Гулистон тумани етакчи мутахассиси М.Х. Гулистон тумани ҳокими ўринбосари Б.С. билан олдиндан тил бириктириб, «Аёллар дафтари» рўйхатида турувчи фуқаро М.ни пора беришга ундаб, унга туман ҳокими ўринбосари орқали кам таъминланган оилалар учун Юлдуз массивида қурилаётган кўп қаватли уй-жойлардан хонадон олувчилар рўйхатига киритиб қўйиб, уй олиб бериш эвазига 400 доллар сўраган.
Аниқланишича, М.Х.нинг кўрсатмаларига кўра, тадбир давомида ҳоким ўринбосари Б.С. хизмат мавқеидан фойдаланиб, юқоридаги масалада фуқаро М.га ёрдам бериш эвазига 400 долларни М.Х.дан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижонда аввал судланган ҳокимият ходими пора билан қўлга тушгани, шунингдек, Андижонда солиқ бош инспектори 15 миллион пора билан қўлга тушгани хабар қилинган.