Ўзбекистон Олий суди раиси ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори билан учрашди
Олий суд раиси Козим Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашув давомида меҳмонларга Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борадаги қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш хусусида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар қайд этиб ўтилган.
Таъкидланишича, тизимда амалга оширилаётган ишларнинг асосий мақсади суд ҳокимияти мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат. Делегация аъзоларига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқни таъминлаш мақсадида Олий судда маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, ҳудудларда маъмурий судлар ташкил этилгани ҳақида маълумот берилган.
Шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддасида маъмурий судлар томонидан ҳал этиладиган ишлар кўрсатилгани, унга кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳам тааллуқлилиги бўйича маъмурий судлар судловига берилгани ҳам айтиб ўтилган.
Учрашув давомида Олий суд ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўртасида шерикчилик муносабатлари ўрнатилгани таъкидланиб, олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик келгусида ҳам ўз натижаларини кўрсатишга ишонч билдирилган.
Аввалроқ Судьялар олий мактабида Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқни қўллаш амалиёти муаммолари мавзусида семинар ташкил қилингани ва «Tashkent Law Spring» юридик форуми сиёсатни амалга ошириш мавзусида мунозара бўлиб ўтгани хабар қилинган. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши аъзоларининг янги таркиби тасдиқлангани маълум қилинган.