Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари «Туркманбоши руҳи» мажмуасига ташриф буюрди
Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 29 апрель, пайшанба куни «Туркманбоши руҳи» мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурат Ниёзов мақбараси зиёрат этилган. Шунингдек, ўтганлар ҳақига Қуръон суралари тиловат қилинган. Мажмуа яқинида Туркманистон президентининг отаси Маликгули Бердимуҳамедов хотирасига бағишлаб ифтор дастурхони ёзилган. Тадбирда икки мамлакат муфтийлари, уламолар иштирок этган.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида Маликгули отанинг вафоти муносабати билан халқимиз номидан чуқур таъзия билдирган. Марҳумнинг ибратли ҳаёти, самарали фаолияти, савобли ишлари ёдга олинган.



«Ўзбек ва туркман халқлари қадимдан бир-бирига елкадош бўлиб, дўст ва биродар бўлиб яшаб келмоқда. Буюк мутафаккир Махтумқулининг: Фироғийнинг икки кўзи бор, Бири туркман бўлса, бири ўзбегим, деган ўлмас сатрлари ҳам буни тасдиқлайди. Бугунги хотира маросими ҳам ана шу азалий қардошлик ва биродарлигимизнинг яна бир амалий намоёнидир», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташрифи якунланган. Давлат раҳбарини Ашхобод халқаро аэропортида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кузатиб қўйган.


Эслатиб ўтамиз, Ашхобод шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Давлат раҳбарларининг учрашувида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.