Ўзбекистонда ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича маъмурий регламент тасдиқланди
Ўзбекистонда ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳукумат қарори билан ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.
Таъкидланишича, 2021 йил 1 августдан юқоридаги тоифага кирувчи фуқароларга нафақа ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқаролар қуйидагилар ҳисобланади:
- ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар, ОИВ инфекциясига чалинган 18 ёшгача бўлган шахслар ҳамда 18 ёшдан катта болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;
- давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахслар;
- болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналар;
- ёшидан қатъи назар иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
- давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари.
Уларга хизматлар давлат хизмати маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали пенсия жамғармаси томонидан кўрсатилади ва нафақа пули нафақа етказиб бериш юкланган ташкилот томонидан тўланиши маълум қилинган.
Шунингдек, мурожаат қилувчи давлат хизматлари марказга ўзи, яқин қариндошлари, ишончли вакили, васий, ҳомий келиши ёки электрон тарзда ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилиши айтилган. Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.
Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони очиқлангани, шунингдек, Ўзбекистонда айрим пенcионерларнинг ойлик пенсия миқдори оширилиши хабар қилинган.
