Ўзбекистонда масжид қуриш учун қаерга мурожаат қилиш кераклиги айтилди
АОКАда 29 апрель, пайшанба куни Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда масжид қуриш учун қаерга мурожаат қилиш кераклиги маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Таъкидланишича, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ диний ташкилотларга ер ажратиш ҳамда ибодат биноси қуриш масаласида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига мурожаат қилиниши лозим.
Маълум қилинишича, масжид биноси қуриб битказилгач, масжидни рўйхатдан ўтказишга Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилик хати олиниши керак. Бунда диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган ҳужжатлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этилиши таъкидланган.
Қайд этилишича, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари Адлия вазирлиги томонидан рўйхатидан ўтказилиши белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда сўнгги беш йилда нечта жоме масжиди очилгани айтилгани ҳақида хабар берилганди.