Тошкентда «Lacetti» дарахтга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 29 апрель, пайшанба куни «Lacetti» дарахтга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, соат 00:10 атрофида Амир Темур кўчасида Ж.Р. исмли 25 ёшли ҳайдовчи «Lacetti»да ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган. Оқибатда ушбу кўчада жойлашган 107-уй рўпарасида йўлдан чиқиб кетиб, дарахтга урилган.

Автоҳалокат оқибатида ҳайдовчи Ж.Р. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада юк машинаси билан тўқнашган «Spark» ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлгани, шунингдек, Самарқандда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида юк машинаси ағдарилгани хабар қилинган.