Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кимларга субсидия ажратиши маълум қилинди
АОКАда 30 апрель, жума куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ва мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази кимларга субсидия ажратиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида қуйидаги субсидиялар ажратилади:
- енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача;
- суғориш воситалари харид қилиш учун — БҲМнинг 10 бараваригача;
- уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун — БҲМнинг 3 бараваригача.
Таъкидланишича:
- тадбиркорлик қилишни хоҳловчиларга — якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида;
- тикувчилик, ҳунармандчилик, асаларичилик, балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги бирлашмаси ташкил этган ҳолда, оила пудрат шартномаси асосида кооперативга аъзо бўлган ишсиз фуқаронинг улуши учун БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
- банд қилинган иш ўрнидан ортиқ миқдорда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга қабул қилган ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида;
- меҳнат органлари йўлланмаси билан ишга қабул қилинган ходимни касбга ўргатиш ва малакасини ошириш харажатлари учун ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда субсидиялар ажратилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда савдо уйларининг фаолиятига 50 фоизгача субсидия бериш механизмлари ишга тушгани, Ўзбекистонда субсидия олишда аризачи даромадига унинг яқин қариндошлари даромади ҳам киритилгани ҳақида хабар берилганди.