Фарғонада 4 ака-ука икки эркакни дўппослади
Фарғона вилояти Фурқат туманида 27 апрель куни 4 ака-ука икки эркакни эски адоват сабаб дўппослади. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Фурқат тумани Бекобод қишлоғида 38 ёшли А.С. укалари 36 ёшли А.С., 32 ёшли А.Ш., 28 ёшли Н.Н.лар билан жамоат жойи ҳисобланган Неъматжон ота чойхонаси олдида 28 ёшли М.Х.ни ҳақорат қилиб, сабабсиз уриб дўппослаётган бўлган. Уларнинг ҳаракатларининг олдини олмоқчи бўлган 28 ёшли фуқаро А.Қ. ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, танасининг турли жойларига уриб жароҳат етказилган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан Фурқат тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.С., А.С., А.Ш. ва Н.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Тергов давомида, ака-укалар ўзларининг кўрсатмаларида Н.Н. М.Х. билан синфдош бўлгани, 2 ой олдин уларга тегишли ушбу чойхонага келган вақтида ошхона идишларини синдириб, улар билан низога боргани аниқланган. Шунингдек, у ушбу чойхонага келган вақтида А.С.нинг эсига эски келишмовчилик тушиб қолиб, М.Х.га жароҳат етказгани маълум бўлган.
Аввалроқ Тошкентда икки эркак кафе ишчисини дўппослагани, шунингдек, Сурхондарёдаги ресторанда мижозлар ишчиларни дўппослагани хабар қилинган.