Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёда нечанчи ўриндалиги маълум бўлди

Тошкент шаҳрида 30 апрель, жума куни Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган 2021 йил Давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик эшитувида сенатор Малика Қодирхонова Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёда нечанчи ўриндалиги ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонованинг қайд этишича, ҳозирда мамлакатда жами 16 нафар хотин-қиз «Ўзбекистон қаҳрамони» унвони билан тақдирланган. «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурининг 9-бандига мувофиқ қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисдаги» Президент қарори ҳам хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Қодирхоновага кўра, шу каби натижалар сабабли Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламентлар ичида 37-ўринга кўтарилган.

«Агар олдинги 7 йилга қарайдиган бўлсак, 2014 йилда Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича 128-ўринда эди. Шунингдек, Ўзбекистон тарихида 1 маротаба миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган талаб ва тавсияларга мос даражага етган», — деди сенатор.

У Марказий Осиё аёллари мулоқоти платформаси ишга туширилаётгани ҳамда унга илк бор 2021 йилда бу мулоқотга раислик қилиш Ўзбекистонга юкланганини ҳам қайд этди. «Демак, бу мамлакатда олиб борилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинган ишлар юзасидан Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ҳам тутган ўрнини белгилайди», — дея таъкидлади Малика Қодирхонова.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Қўмита раиси, шу билан бир қаторда, Хотин-қизлар, хусусан, ногирон аёлларнинг фидокорона хизматлари, мамлакат салоҳиятини оширишга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофоти билан тақдирлаш мақсадида Президент қарорида кўзда тутилган «Тўмарис» орденини ташкил этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди. Шунингдек, Республика жамоатчилик кенгаши ташаббуси билан мамлакат ривожига ҳисса қўшаётган, юксак маънавиятли оила ва фарзанд тарбияси билан ўрнак бўлиши билан бирга, ўзлари хизмат қилаётган ташкилот нуфузини оширишда фаол иштирокчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун «Йил аёли» миллий танловини ўтказиш ҳам режаланганини айтди.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раисининг «Bugun.uz» мухбирига берган интервьюсига кўра, мазкур танловни 2021 йил 8 декабрь арафасида ўтказиш режа қилинган. «‘Йил аёли’ танловини 8 декабрь арафасида ўтказиш мўлжалланди. Унгача ҳудудларда: туман, шаҳар босқичларини шаффоф тарзда ўтказиш ишлари олиб борилади»,— деди сенатор.

Маълумот ўрнида, 2019 йилги сайлов якунлари бўйича парламентнинг қуйи палатасига 48 нафар аёл депутат этиб сайланган. Бу депутатлар умумий сонининг 32 фоизини, Сенатда эса 25 фоизни ташкил этади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги эркак ва аёллар сони ва Ўзбекистонда 433 минг нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилгани хабар қилинган эди.

«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
Янгиликлар20:51 | 28.1.23
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Янгиликлар20:17 | 28.1.23
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Янгиликлар19:44 | 28.1.23
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Янгиликлар18:50 | 28.1.23
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео
Янгиликлар17:22 | 28.1.23
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео