Ўзбекистонда алимент тўлашга қурби етмаган фуқароларга имтиёз бериладими?
АОКАда 29 апрель, пайшанба куни Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда меҳнатга лаёқтсиз фуқарога алимент тўловида имтиёз мавжудлиги маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Таъкидланишича, Оила кодексининг 141-моддасида алимент қарзини тўлашдан озод қилиш шартлари белгилаб қўйилган. Унга кўра, тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтириш тарафларнинг ўзаро розилиги бўлгандагина амалга оширилади. Бунда вояга етмаган болаларга алимент тўланадиган ҳоллар бундан мустасно экани айтилган.
Маълум қилинишича, агар суд алимент тўлаши шарт бўлган шахс касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра алимент тўламаганини аниқласа ҳамда унинг моддий ва оилавий аҳволи йиғилган алимент қарзни тўлашга имкон бермайди деб топилса, алимент тўловчининг даъвосига биноан уни алимент қарзларини тўлашдан тўла ёки қисман озод этишга ҳақли экани қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 мартдан алимент ундириш тартиби ўзгаргани, Ўзбекистонда неча киши алимент тўламай юргани учун қидирилаётгани маълум бўлгани ҳақида хабар қиланганди.