Ўзбекистонда аутсорсинг шартлари асосида машина хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади
Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 29 апрель куни қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан хизмат автотранспорт воситалари республика давлат бошқаруви органларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарлар ҳамда уларнинг ўринбосарларига, республика давлат бошқаруви органлари тизимидаги ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида эса биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилади.
Шунингдек, республика давлат бошқаруви органларида аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа автотранспортлар хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади. Бундан ташқари, 2021 йил 1 июлдан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади.
Қайд этилишича, 2021 йил 1 августга қадар уларнинг тегишли ички ишлар органларида қайта рўйхатдан ўтказилиши таъминланади ҳамда бунинг учун тўлов ундирилмайди. 2021 йил 1 августдан эса янги типдаги давлат рақами белгилари билан қайта рўйхатдан ўтказилмаган тегишли хизмат автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда велосипедларни ижарага бериш тизимининг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган.