Ўзбекистонда крипто-биржаларда савдо қилишга рухсат берилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига 29 апрель куни Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг «Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги буйруғи жойланди.

Бунга кўра, крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда. Буйруқ билан амалдаги қонун ўзгартирилиб, Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари томонидан эмиссия қилинган токенларни рўйхатдан ўтказиш, чиқариш ёки айлантиришга рухсат берилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаролари крипто-биржаларда крипто-активлар ва токенлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини миллий ва чет эл валютасида амалга ошириши мумкин бўлади. Бунда, «сотиб олиш объекти сифатида крипто-активларни танлаш ва бу танловнинг тегишли оқибатлари сотиб олувчининг ўз таваккалчилигидир».
Қайд этилишича, буйруқ крипто-активлар айланмаси соҳасини янада ривожлантириш учун қўлай шарт-шароитлар яратиш, ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активларнинг хуфёна айланмасини камайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Аввалроқ Ўзбекистон 2020 йилда нечта давлатга электротехника маҳсулотларини экспорт қилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон минтақавий савдо экспортини 140 фоиздан ошириши хабар қилинган.