Ўзбекистонга ўсимлик ёғини олиб кириш ҚҚСдан озод қилинади
Президент томонидан «Аҳолини айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир чоралар тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар берилди.

Қонун билан Солиқ кодексига қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 2021 йил 1 майдан 31 декабргача қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:
- Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
- ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.
Шунингдек, қонунга мувофиқ, 2021 йил 1 майдан 31 декабргача айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан экспорт божхона божлари киритилади. Тадбиркорларга ўзлари томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларини қайта ишлаш натижасида олинган ўсимлик ёғининг (ТИФ ТН бўйича коди 1512 11 — 1512 19) 50 фоизидан ошмаган қисмини экспорт қилишга рухсат берилади.
Элатиб ўтамиз, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Аввалроқ Ўзбекистонда ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҚҚСдан озод қилиниши ва Антимонополия қўмитаси пахта ёғи нархининг ошишини тўхтатиш учун биржага чеклов киритгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон бозорларида пахта ёғи нархи нима сабабдан ошганига изоҳ берилгани маълум қилинган.