Президент ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди
Шавкат Мирзиёев раислигида 30 апрель куни ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда маҳаллий саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинган.
«Кўриб турибсизлар, бутун дунёда иқтисодиёт бўйича вазият оғир. Ҳеч кимга осон бўлаётгани йўқ. Шунинг учун бор имкониятдан фойдаланиб, пешана теримиз билан топган пулимизни халқимизга ҳалол етказиб, натижага эришишимиз керак. Маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳокимларнинг қўлидаги масала. Ақл билан, пухта иш тутса, бунинг замирида жуда кўп ишчи жойи, тадбиркорларнинг манфаатдорлиги, одамларнинг розилиги бор», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борадаги ишларни «ички талабни ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳалар ишлаб чиқиш» занжири асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига маҳаллий саноатнинг ҳар бир йўналиши, хусусан, қурилиш материаллари, тўқимачилик, ипакчилик, фармацевтика, электротехника, чарм-пойабзал, заргарлик, чинни буюмлари, мебелсозлик, озиқ-овқат саноати каби тармоқлар бўйича ҳудудлар кесимида алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Давлат раҳбари Қорақалпоғистон ва вилоятларда 24 та туманни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш таклифини қўллаб-қувватлаган. Бу ҳудудлардаги мавжуд хом ашё ва йирик заводлар инфратузилмасидан фойдаланиб, уларга яқин жойда янги корхоналар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган. Мазкур 24 та туманда инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан қўшимча 400 миллиард сўм, геология ишларини амалга оширишга 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Қурилиш материаллари тармоғида умумий қиймати 5 миллиард долларлик мингдан зиёд янги лойиҳалар шакллантирилган. Бу орақали 25 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мақсад қилинган.
«Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан ушбу соҳадаги лойиҳалар учун 300 миллион долларлик кредит линияси очиш, банк филиалларидаги консалтинг марказлари орқали тадбиркорларга амалий ёрдам бериш таклифи билдирилган. Президент бунга қўшимча, мазкур банк орқали давлат томонидан 200 миллион доллар ажратиш бўйича кўрсатма бергани.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев иқтисодий ва саноат зоналарида амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан йиғилиш ўтказганди. Мажлисда 33 та туманда саноат ва бизнесни жадал ривожлантириш учун 264 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинган.