Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма содир бўлди — видео
Тожикистон томони 28 апрель, чоршанба куни Боткен вилоятининг Кўк-Тош қишлоғидаги «Головной» сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлагач, Қирғизистон томони камераларни олиб ташлашни талаб қилган. Оғзаки тўқнашувдан сўнг томонлар бир-бирига тош отишни бошлаган.

Дастлаб Кўк-Тош ва Хўжай Ало қишлоқлари аҳолиси бир-бирига икки томондан тош отишни бошлаган ва кейинчалик отишма содир бўлган. Чегарадаги кескинлик 29 апрелда ҳам давом этган. Умумий 11 киши жароҳатланган. Томонлар низо келиб чиқишида бир-бирини айблаган. Қирғизистоннинг 3 та қишлоғида фавқулодда ҳолат жорий этилган.
Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг «РИА Новости»га маълум қилишича, қирғиз ҳарбийлари тожик чегарачиларига биринчи бўлиб ўқ узганини айтган. Қирғизистон томони можаро Тожикистон фуқаролари томонидан қўзғатилганини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Бишкекда ҳукумат уйи ёнида боткенликларни қўллаб-қувватловчилар намойиш қилиб, мамлакат чегараларини ҳимоя қилиш учун борадиган кўнгиллилар рўйхатини тузишни таклиф қилган. Улар ҳокимиятдан Тожикистон билан чегарани ёпиш, Қирғизистондаги Тожикистон дипломатик ваколатхонаси ходимларини персона нон грата деб тан олиш ва айрим чегараолди қишлоқларда постлар ташкил этишни талаб қилган.
Ҳозирда икки мамлакат чегарасида Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари ўртасида қуролли тўқнашув бошлангани маълум қилинган.