Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида эркак хотини ва қизини болта билан чопиб ташлади. Бу ҳақда Республика прокуратураси «Bugun.uz» мухбирига маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»/ Иллюстратив

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан 28 апрель, чоршанба куни соат 09:00 да Ички ишлар бошқармасига маълумот келиб тушган. Унда Ўрта қалъа овул фуқаролар йиғини ҳудудида 52 ёшли А.Д. ва унинг 18 ёшли қизи Р.А. қотиллик аломатлари билан ўлик ҳолда топилган. Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноят А.Д.нинг 57 ёшли турмуш ўртоғи Р.М. томонидан маст ҳолда, жанжал оқибатида содир этилгани аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Амударё тумани прокуратураси томонидан 2021 йил 28 апрелда  Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари)га мувофиқ ушланган. Амударё округ суди қарорига мувофиқ унга нисбатан 2021 йил 29 апрелда ҳибсга олиш чораси қўлланилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Навоийда маст эркак хотини ва унинг танишларини пичоқлагани ва Самарқандда 46 ёшли маст эркак танишини пичоқлагани хабар қилинган эди.